Қўрқув қуршовидаги демократия ёхуд Афғонистон тақдирининг ҳал қилувчи палласи

 

Хабарингиз бор, эртага Афғонистонда мамлакат президентлигига сайловлар бўлиб ўтади. 2001 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Ҳамид Карзай бу галги сайловларда иштирок этмайди. Халқаро ҳамжамият бу сайловлар мамлакатнинг демократияга ўтишида ҳал қилувчи аҳамият касб этишига умид билдирмоқда. Шу муносабат билан бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари шу даражада кучайтирилганки, бу ишга 200 минг нафардан ортиқ хавфсизлик кучлари жалб қилинган. Сайловларда 8 номзод иштирок этади.

Ҳамид Карзай ва унинг ҳаммаслаклари собиқ ташқи ишлар вазири Залмай Расулни қўллаб-қувватлашмоқда. Конституцияга кўра, Ҳамид Карзай учинчи муддатга ўз номзодини қўя олмайди. Номзодлар орасида Залмай Расул (тожик ва пуштун тилида бемалол гаплаша олади) билан бирга, тожик Абдулла Абдулла, собиқ молия вазири, Жаҳон банки ходими Ашраф Ғани (пуштун) асосий даъвогарлар ҳисобланади.

Абдулла Абдулла
Абдулла Абдулла

Абдулла Абулла улар орасида энг тажрибали номзодлардан бири бўлиб, у сиёсатга 1980-йилларда кириб келган. У шимолий альянс раҳбари Аҳмад Шоҳ Масъудга маслаҳатчи бўлган. Айтишларича, унинг ўзбек ва тожик афғонистонлик сайловчилар орасида кўп овоз олишида бу муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, номзодлар орасида тўлиқ ишлаб чиқилган сайловолди дастури айнан унда мавжуд. Ушбу дастурларга кўра, сиёсий ўзгаришлар кўзда тутилган. Чунончи, губернаторларнинг тўғридан-тўғри сайловини жорий қилиш, Афғонистон парламенти юқори палатаси — оқсоқоллар кенгашини ислоҳ қилиш кўзда тутилмоқда. Абдулла Абдулланинг отаси пуштун эканини инобатга оладиган бўлсак, пуштун сайловчилар ҳам унга ўз овозларини бериши эҳтимоли жуда катта. Аммо унинг энг нозик тарафи шундаки, нуфузли пуштун кланлари Абдулла Абдуллани тан олишмайди. Шунинг учун ҳам унинг ҳокимиятга келиши мамлакатда кланлар, ҳудудлар ва миллатлар ўртасида манфаатлар мувозанатини таъминлаш, сиёсатчиларни тийиб туришда катта таъсирга эга бўлмайди.

Залмай Расул
Залмай Расул

Қолаверса, амалдаги президент ва унинг ҳаммаслаклари бошқа бир номзодни — 70 яшар Залмай Расул номзодини қўллаб-қувватламоқда. Залмай Расул узоқ йиллар давомида Италияда истиқомат қилган ҳамда қувғиндаги подшоҳ Муҳаммад Зоҳир Шоҳнинг шахсий шифокори бўлган. Абдулла Абдулладан фарқли ўлароқ Залмай Расул у даражада сиёсий тажриба ва аниқ сайловолди дастурига эга эмас. У жамиятда илдиз отаётган коррупция, ғазнани талон-торож қилиш, заиф давлат бошқарувига қарши курашишга астойдил киришмоқчи эмас. Айнан шу жиҳатларини афғон сиёсий элитасининг катта қисми камчилик сифатида эмас, балки устунлик сифатида кўрмоқда. Айни пайтда уни аксарият пуштунлар қўллаб-қувватлаши турган гап.

Ашраф Ғани
Ашраф Ғани

Ашраф Ғанининг асосий устунлиги шундаки, у нафақат пуштун сайловчиларига ёқиши мумкин, балки Ғарб билан мулоқот ва музокара олиб боришда катта тажрибага эга, шунингдек, иқтисодий менежмент кўникмалари бўлган номзод ҳисобланади. Айниқса, Ғарб Афғонистонга кўрсатиладиган молиявий кўмак миқдорини камайтириши хусусида бонг уриб турганда, унинг хизматига катта эҳтиёж туғилади.

Агар Ҳамид Карзай ўз ҳаммаслигини президентлик курсисида сақлаб қоладиган бўлса, у мамлакатни саҳна ортидан бошқариши мумкин бўлади. Аммо бугунги кунда толибонлар ушбу сайловга қарши умумий сафарбарлик асосида бойкот эълон қилган бўлиб, овоз бериш жараёнига халақит бериш мақсадида таҳдид ва зўравонлик кампаниясини авж олдиришди. Хусусан, ўтган ҳафта Покистондаги “Таҳрики Толибон Покистон” ҳарбий тўдаси билан Афғонистонда ҳарбий рейдлар ўтказишга келишиб олган.

1926188_10152140150513110_125265826_o

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сайлов жараёнларини Марказий Осиё мамлакатлари жиддий кузатиб бормоқда. Чунки бу жараёнларнинг тинч ўтиши, қолаверса, Афғонистонда кучли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг йўлга қўйилиши қўшни мамлакатлар учун таҳдидларни бирмунча камайтиради.

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни йўлга қўйиш масаласини халқаро миқёсда кўп бора таъкидлаб келади. Ўзбекистоннинг позициясига кўра, Афғонистонда тинчликни қарор топтириш учун мамлакатда кураш олиб бораётган барча сиёсий кучлар, миллий ва этник гуруҳлар музокара столига ўтириши ҳамда миллий бирдамлик ва ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш керак бўлади. Эътиборли жиҳати, сайловолди кампаниясида толибонлар билан музокара олиб бориш масаласига номзодларнинг аксарияти эътибор қаратмоқда.

Яна бир жиҳати, агар мамлакатдаги сайловлар ҳаққоний ўтмаса, сайлов жараёнларида ҳаддан ташқари кўп қонунбузилиш ҳолатлари кузатиладиган бўлса, Афғонистон Ғарбнинг “қарғиши”га қолади. Бу дегани яқин истиқболда Афғонистон тақдири Ғарб мамлакатлари учун иккинчи даражали масалага айланади ва шунча йиллар давомида амалга оширилган ҳарбий амалиётлар, берилган қурбонлар, сарфланган маблағлар бир пул бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам Ғарб сайловларни имкон қадар шаффоф ўтказишга чақирмоқда.

Шундай бўлса-да, сайлов жараёнларини ёритиш ва уларни кузатиш бўйича халқаро миссиялар фаолияти жуда хавфли бўлиб қолмоқда. Мамлакат хавфсизлик кучлари кузатувчилар ва ОАВ вакиллари хавфсизлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирганига қарамасдан журналистларга, кузатувчилар қарши суиқасдлар сони сўнгги ойларда жадал ўсди.