Унутилган Украина

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет манбаларида Украинадаги вазият ҳақида шундай ахборотлар, таҳлиллар оқимини учратиш мумкинки, воқеалар ривожини, калаванинг учини йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. Инсоннинг табиати шунақа: қайси масалада кўп гапирилса, ўша нарсага эътибор сусаяди, бефарқлашиш кучаяди. Аммо Украинада юз берган воқеалар, айрим экспертлар фикрича, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг глобал миқёсда юзага келган ноодатий тенденция бўлгани учун ҳам чуқур ўрганилмоғи, таҳлил қилинмоғи керак бўлади. Украина воқеалари янги давр тарихи дарсликларидан ўрин олади. Бу глобал миқёсда манфаатлар мувозанатини ўзгартириб юборган ҳодиса сифатида ҳам эътибордан четга чиқмаслиги керак, албатта. Аммо Украина атрофидаги воқеалар ҳамманинг нигоҳида бўлса-да, Украинанинг «ичи» унутилди.

Шуни айтиш керакки, Қримнинг Россия таркибига кириши дунё ҳамжамиятининг нигоҳини Украинада юз берган ҳодисаларнинг асл моҳиятини, умуман, Украинани қайсидир маънода ёддан чиқаришига олиб келди. Буни нималарда кўриш мумкин:

Аввало, дунё миқёсидаги халқаро сиёсий институтлар, БМТ, НАТО ва бошқа ташкилотлар асосий эътиборни Россия билан муносабатларни «корректировка» қилиш билан шуғулланмоқда. Улар бундан бир неча ой бурун билдирган «Украина халқининг хоҳиш-иродаси»ни ҳурмат қилиш ғояси бугун Россияни имкон қадар жазолашга қаратилмоқда.

Иккинчидан, Қримнинг қўлдан кетиши қайсидир маънода Майдон фаолларининг ҳам ҳафсаласини пир қилди. Чунки ўтган йилнинг охирида бошланган тинч намойишлар охир-оқибат мамлакатда халқ ҳокимиятини ўрнатишнинг ўрнига, уни халқаро донорларга қарам қилиб, ҳудудий яхлитлигини жар ёқасига олиб борди. Бугун ақли расо одам борки, «украинча ҳокимиятни эгаллаш» йўли давлатга қимматга тушишини англаб етди. Чунки Украинадаги воқеалар бундан 5 ой бурунги воқеаларга қараганда бутунлай ўзгарди. Украинада демократия учун қурбон бўлганлар, назаримизда, украинлар қалбида ғурур эмас, балки оғир дард, алам билан ёдга олинади. Украина инқилоби бошқа давлатлар учун модель бўла олмайди.

Учинчидан, Қримнинг қўлдан кетиши Украина сиёсатчилари ва сайловчиларини ақл билан мушоҳада юритишга ундамасдан, балки нафрат, ғазаб отига минишига, сиёсий чоралар ўрнини миллатчилик, кўр-кўрона ваъдалар билан қуролланишга ундамоқда. Буни шу кунларда мамлакат президентлиги учун ҳаракат қилаётган номзодларнинг гап-сўзларида ҳам кўриш мумкин. Чунки сайловчилар «дарди»га туз сепиш орқали ўзининг популистик режасини илгари сураётган номзодлар ўз президентлик даврида Қримни қайтариб олишни ваъда беришмоқда. Ваҳоланки, бу қарийб амалга ошириб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Айнан қасоскорлик ўти ҳам Украинанинг унут бўлишига йўл очмоқда.

Тўртинчидан, Ғарб мамлакатлари Украинани ҳалокатдан олиб чиқиш учун тақдим қиладиган молиявий кўмак бирламчи эҳтиёжларни қондирса-да, бу Украинани узоқ истиқболда муаммолардан халос этмайди. Янада ачинарлиси, энди халқаро ҳамжамият Украинанинг ичида юз бераётган воқеалар ривожини чуқур кузатмайди, уни таҳлил қилмайди.  Яъни халқаро ҳамжамиятнинг асосий эътибори Россия ва Ғарбнинг даҳанаки жанжалига қаратилгани боис Украина яна украиналиклар муаммосига айланади.

Тўртинчидан, Қрим воқеалари халқаро миқёсда жуда кўп мамлакатларни ўзининг катта ёки кичик оғалари, узоқйиллик шериклари олдида шундай ноқулай аҳволга солиб қўйдики, улар ҳам Украинага эмас, балки Россия тараф ёки Россияга қарши фикр билдиришининг оқибатлари ҳақида бош қотирмоқда. Бу узоқ истиқбол нуқтаи назаридан қараганда Украинага нисбатан ишончнинг сусайишига олиб келади. Чунки ҳар 10 йилда янги дўст танлаш мамлакатни охир-оқибат дўстсиз қолдиради.

Бир сўз билан айтганда, Қримнинг қўшиб олиниши шундай чалғитувчи ҳаракат бўлдики, Украина намойишчилари том маънода шон-шарафдан, эътибордан қуруқ қолишига, мамлакатнинг унут бўлишига йўл очди.

Мурод ҒОФУРОВ