Ўзбекистонликлар 2013 йилда Россиядан 6,6 миллиард доллар юборишган

Россия Федерациясидан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан пул ўтказиш тизимлари орқали 6 миллиард 632 миллион доллар миқдорида юборилган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг кўп кўрсаткич ҳисобланади.

Иккинчи ўринда эса Тожикистон аҳолиси бўлиб, улар она юртига 4 миллиар 134 миллион доллар жўнатишган. Қирғизистон аҳолиси эса 2 миллиард 80 миллион доллар, Қозоғистонга эса 455,4 миллион доллар ҳамда Туркманистонга 39,9 миллион доллар юборилган.

Шуни қайд этиш керакки, 2012 йилда Ўзбекистонга Россиядан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон фуқаролари 2012 йилда 5,693 миллиард доллар миқдорида пул жўнатишган.

Россия Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда 10,2 миллион нафардан ортиқ чет эл фуқаролари бўлиб, уларнинг 20-25 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилда Ўзбекистон бюджетининг даромадлар қисми 26 триллион 223,2 миллиард сўм (қарийб 12 миллиард АҚШ доллари)га тенг бўлган.

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 51.1 миллиард долларни ташкил қилган. Шу ҳисобда айтганда, ялпи ички маҳсулотга нисбатан Россиядаги ўзбекистонликлар юборган маблағ улуши қарийб 13 фоизни ташкил қилади.