Женевада Украина инқирози бўйича музокаралар бўлиб ўтди

Женевада Украина инқирози бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Украина, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари етти соат давомида мамлакатдаги вазиятни ўнглаш борасида мулоқот олиб боришди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Женевада музокара иштирокчилари Украинадаги можаронинг тарқалишига қарши тадбирлар белгиланган баёнотни маъқуллашди.

“Биз ҳужжатни маъқулладик. Бу 17 апрель кунги Женева баёноти бўлиб, унда биз қабул қилиниши зарур бўлган дастлабки чора-тадбирларга рози бўлдик. Бу чора-тадбирлар тангликни юмшатиш, Украинанинг барча фуқаролари учун хавфсизликни таъминлашни қамраб олади”, — деди вазир.

Баёнотга кўра, Украинада намойишлар пайтида қўлга олинган, оғир жиноят этганлардан ташқари, барча фуқаролар озод қилинади. Шунингдек, баёнотга кўра, барча ноқонуний қуролланган тўдалар қуролсизлантирилиши, эгаллаб олинган бинолар эса озод қилиниши керак.

Ҳужжат, шунингдек, конституциявий ислоҳотлар бўйича барча ҳудудларни жалб қилган ҳолда мулоқотни кўзда тутади.