Россия жаҳоннинг янги империяси бўла оладими?

Қримнинг Россияга қўшиб олиниши рус сиёсий элитаси ва оммавий ахборот воситаларида анъанавий империализмнинг кўринишлари бўлган “ўз ерини қайтариб олиш”дек ғоя билан қуролланган янги империя ҳақида гап-сўзларнинг кўпайишига олиб келди. Яқинда “Ведомости” газетаси Россия империализмининг мавжуд империализмдан фарқли  жиҳати ҳақида таҳририят фикрини чоп этди.

Дунёда колониялар даври тугагач, йирик державалар ўзининг экспансия сиёсатини изчил олиб бормоқда. Масалан, АҚШ дунёда етакчиликка даъвогарлик қилади ва бунга иқтисодий ва моддий йўллар орқали эришиб келмоқда. Масалан, кўп ҳолатларда кўнгилли равишда “дунё полицияси” вазифасини бажаради.

Хитой ҳам сўнгги йилларда Африка қитъасининг ярмини “сотиб олди”. Боисики, АҚШ Судан сингари қолоқ мамлакатларга инвестиция кирита олмайди, Хитой эса бунга қодир. Хитой бугун ҳар қандай ҳамкор билан тил топа олиши билан ўзига хос имиж яратди. Дейлик, АҚШнинг Ироқдаги ғалабасидан 10 йил ўтиб, Хитой ушбу мамлакат билан савдо ҳажми бўйича Американи ортда қолдириб кетди.

Албатта, Россиянинг империалистик ғоялари АҚШ ва Хитой йўлидан мутлақо фарқ қилади. Аввало, Россия ушбу икки давлат сингари бой эмас. Маданий таъсири асосан МДҲ ҳудудида бўлиб, у ҳам сўнгги йилларда кескин тушиб бормоқда. Сиёсатчи Дмитрий Фурманнинг сўзларига кўра, МДҲ Россия империясининг охирги босқичи бўлиб, ушбу минтақада “катта оға” бўлишга мудом интилиб келади.

Россия империализми, аввало, собиқ Иттифоқ билан боғлиқ бўлиб, у бошқалар билан тенг шерик сифатида муомала қилишларини талаб қилиб келади. Ваҳоланки, унинг иқтисодий салоҳияти жуда пастдир.

Украинадаги воқеаларга Россиянинг муносабати янги империалистик ғоя эмас, балки узоқ йиллардан бери ўзини империя деб билиб келган Россиянинг ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринишидир. Албата, Россияда сўнгги йилларда модернизация амалга оширилмагани, мамлакатнинг қўшниларга нисбатан бир томонлама сиёсати ҳам унинг империя сифатида шаклланишига ҳалақит берди.

Бугун МДҲ мамлакатлари Россия билан бир маконда интеграцияга катта хавф сифатида қарамоқда. Бу бежиз эмас. Чунки Россия империяни қайта тиклаш билан эмас, уни эски ҳолича сақлаб қолмоқчи бўляпти. Бу ҳам бўлса, агрессив пиар билан амалга оширилмоқда. Албатта, бу пиар мамлакат аҳолисини руҳлантирган бўлса-да, интеграция имкониятларини борган сари йўққа чиқармоқда.

Яна бир жиҳати, Россия ҳамманинг тилини топадиган испериалистик модель ярата олмади. Шунинг учун ҳам бу модель демократик мамлакатларнинг ҳам, авторитар давлатларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлмоқда.