Тошкентдаги Инха университетига 7 майдан онлайн рўйхатдан ўтиш бошланади

Тошкентда Инха университети ўз ўқув фаолиятини йўлга қўймоқда. ЎзА хабарига кўра, Ислом Каримовнинг 2014 йил 24 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил қилинаётган Тошкент шаҳридаги Инха университети Ўзбекистондаги еттинчи хорижий олий ўқув юртидир. Ушбу таълим маскани шу йилнинг 1 октябридан ўз фаолиятини бошлайди.

Жанубий Кореянинг Инха университетига 1954 йилда асос солинган бўлиб, у бутун дунёда АКТ соҳаси бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаши билан машҳур. Бугунги кунда бу ерда 59 мутахассислик бўйича 18 минг нафардан зиёд бакалавр ва 10 та йўналиш бўйича 4 минг нафардан ортиқ магистр таҳсил олмоқда.

Ҳозирги кунда ушбу олий ўқув юрти учун мўлжалланган биноларни қуриш, реконструкция қилиш ва тубдан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Инха университети қабул комиссияси раҳбари Жонг Хо Кимнинг айтишича, Тошкент шаҳридаги филиалнинг дастлабки талабалари жанубий кореялик профессор-ўқитувчилар иштирокида кириш имтиҳонлари орқали танлаб олинади. Дастлабки босқичда иккита факультет очилиб, компьютер ва дастурий инжиниринг, шунингдек, компьютер тармоқлари инжиниринги бўйича мутахассислар тайёрланади.

Жорий йилда кириш синовларидан муваффақиятли ўтган 150 нафар ёш ушбу ўқув юрти талабаси бўлади. Таълим Инха университети ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда, фақат инглиз тилида олиб борилади.

Кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун абитуриентлар инглиз тилини камида 5 баллик даражада билишини тасдиқлайдиган IELTS сертификатига эга бўлиши, 7 майдан 21 майга қадар университетнинг расмий сайтида (www.iut.uz/registration) онлайн-рўйхатдан ўтиши, 2014 йилнинг 21 майидан кечиктирмай университет қабул комиссиясига зарур ҳужжатлар тўпламини тақдим қилиши зарур.

Абитуриентлар математика ва физика фанларидан имтиҳон топширади, Жанубий Корея университетининг етакчи ўқитувчилари суҳбатидан ўтади. Танловдан муваффақиятли ўтган ёшлар тўлов-шартнома асосида таълим олади. Энг кўп балл тўплаган абитуриентлар шартли-грант асосида ўқишга қабул қилинади – уларнинг таълими учун мамлакатимизнинг етакчи компаниялари ҳақ тўлайди ва келгусида иш билан таъминлайди.

Дарё.Uz’нинг ёзишича, университетда ўқиш нархи йилига қарийб 5000 АҚШ долларини ташкил этади. Тўлов Марказий банк курси бўйича сўмда амалга оширилади. Таққослаш учун, Жанубий Кореядаги Инҳа университетида ўқиш нархи йилига 10 минг долларни ташкил этади.

Шунингдек, энг камида 10 та грант ўрни ташкил этиш ҳам кўзланмоқда. Бу ўринлар кириш имтиҳонларида фақат энг юқори балларни тўплаганлар учун мўлжалланади.

Тошкент шаҳридаги Инха университети битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган, белгиланган намунадаги диплом топширилади.