АҚШ Конгресси Эроннинг БМТ бўйича вакилини мамлакатга киритмаслик тўғрисида қонун қабул қилди

АҚШ Конгресси Эроннинг БМТга тайинланган янги доимий вакилини мамлакатга киритмаслик тўғрисида қонун қабул қилиб, уни имзолаш учун Барак Обамага йўллади.

Конгресснинг икки палатаси томонидан қабул қилинган мазкур ҳужжатга кўра, Эроннинг БМТга вакили Ҳамид Абуталабий 1979 йили АҚШ элчихонасини куч билан қамал қилган ҳамда эгаллаб олган мусулмон талабалар орасида бўлгани айтилади. Оқ уй Эрон вакили жаноб Абуталабий «мақбул» эмаслигини айтган бўлса-да, қонун бўйича аниқ хулосага келинмаганини қайд этган.

Америкапараст Шоҳ Муҳаммад Ризонинг қамоққа ташланиши ҳамда Аятулло Руҳоллаҳ Ҳумойний томонидан ҳокимиятнинг қўлга олинишига олиб келган Эрон Ислом инқилоби оқибатида 52 нафар америкалик 444 кун давомида ҳибсда ушлаб турилган.

Эрон матбуотининг хабар беришича, мамлактнинг Бельгия, Европа Иттифоқи, Италия ва Австралияда фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритган Ҳамид Абуталабий 1979 йилда элчихона қамал қилиниб, ходимлар гаровга олингандан сўнг таржимонлик қилиш учун жалб қилинган.

Оқ уй матбуот котиби Жей Карни 10 апрель, пайшанба куни чиқиш қилиб, «Биз шуни аниқ-равшан қилиб айтдикки, Эроннинг БМТ учун танлаган вакили бизга мақбул эмас», деди. Аммо Барак Обама ушбу қонунни имзолаши ёки имзоламаслиги ҳақида ҳеч нарса демади.

Ўз навбатида, Эрон ҳукумати Ҳамид Абуталабий номзодининг АҚШ томонидан рад қилиниши «қабул қилиб бўлмаслигини» маълум қилди.

Конгресс қабул қилган қонунга кўра, айғоқчилик ёки терроризмга аралашганлар ёки миллий хавфсизликка таҳдид солган шахслар АҚШга киритилиши тақиқланади.

Қонунни Сенат муҳокамаси киритган сенатор Тед Круз Барак Обамани қонунни имзолашга ундаб, «биз, мамлакат сифатида, Эрон сингари давлатларга аниқ етказишимиз керакки, АҚШ бундай иғво ва душманларча муносабатга қараб турмайди», деди.

Қонунни Вакиллар палатасига тақдим қилган Дуг Лэмбон эса «Эрон ва бошқа жойлардан келган террористлар Манҳэттан кўчаларида дипломатик дахлсизлик ҳуқуқи билан эмин-эркин юришига йўл қўйиб бўлмаслиги»ни қайд этди.

АҚШ БМТнинг мезбон мамлакати сифатида аввал ҳам бундай чораларни кам бўлса-да қўллаган. Хусусан, бундан аввалги Эрон дипломати ва Судан президенти Омар ал-Баширга АҚШ ҳудудига киришга рухсат берилмаган.

Бундай ҳолатларда тегишли ариза қайтариб олинган ёки АҚШ давлат департаменти виза масаласини чўзишга ҳаракат қилган.

Эроннинг БМТ учун тайинланган янги вакили эса 1990-йилларда БМТга сафари давомида АҚШ томонидан виза берилгани айтилмоқда.