Moody’s: Ўзбекистоннинг банк тизими “барқарор”

Халқаро Moody’s агентлиги томонидан 15 апрель куни эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг банк тизими “барқарор” фаолият юритмоқда. Агентлик буни ҳукуматнинг иқтисодиётга жадал инвестиция киритаётгани ҳамда ялпи ички маҳсулот барқарор ўсиши билан боғлаган.

“Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотти сўнгги ўн йилликда 6 фоиздан юқори бўлди. Халқаро валюта жамғармаси 2014 йилда ЯИМ ўсиши 7 фоиз бўлишини прогноз қилган. Мамлакат иқтисодиёти ўсиш кўрсаткичлари МДҲнинг бошқа давлатларига қараганда бирмунча “жадал” бўлиб, товарлар экспорти диверсификация қилинган, ҳукумат экспортдан тушаётган даромадни ижтимоий харажатларга йўналтирмоқда”, дейилади агентлик расмий хабарида.

Агентлик, шунингдек, муаммоли кредитлар улуши сўнгги 12-18 ой давомида жами кредитлар ҳажмида 6-7 фоиз миқдорида бўлишини башорат қилиб, айни пайтда муаммоли кредитларни қоплаш бўйича банклар захиралари 50 фоиз атрофида эканлиги қайд этган. Moody’sнинг қайд этишича, бу “қониқарсиз”.

Агентлик Ўзбекистон банклари тузилмавий жиҳатдан кучсиз тарафлари бор эканлигини қайд этган. Банкларда корпоратив бошқарувнинг яхши ривожланмагани, банклар фаолиятига ва нарх сиёсатига давлат аралашуви юқори даражада эканлиги шулар жумласидандир. Moody’s Ўзбекистон банклари жалб қилган мижозлар маблағлари таркибида қисқа муддатли юридик шахслар депозитлари кўплигини кўрсатиб ўтган.

Ўзбекистон банклари амалиёт фаолиятидан келиб тушган даромадлари МДҲда энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга эканлиги қайд этилиб, бунда турли тўлов ва комиссиялар улуши 40 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистон банкларининг рейтингини ошириш бўйича тизимли қўллаб-қувватлаш чекланган бўлиб, давлат одатда банкларнинг ликвидлигини оширишга эътиборини қаратади.