Муҳриддин Холиқов: “Мен ўзимни реклама қилмайман”

Тўйхонага бир жувон ийманибгина кириб келди. Аламли ёшларини билинтирмай артишга қанча уринмасин, барибир кўзидаги изтиробни яширолмасди. Секин ҳофиз ўтирган жойга яқинлашди. Минг истиҳола билан сўз бошлади. Ҳофиз жим туриб аёлнинг дардини тинг­лади. Сўнг:

— Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, — деди ишонч билан. — Юринг, кетдик!

— Қаёққа? — дея ажабланди жувон.

— Уйингизга, ўзим гаплашиб қўяман эрингиз билан, — деди ҳофиз кутилмаганда. Жувон ноилож эргашди. Ҳофиз хайр-маъзурини қилиб, тўйхонадан чиқди…

— Майли, ака, — деди жувоннинг эри. — Сизнинг бир оғиз сўзингиз… Мен ҳамма гапимни қайтариб олдим. Сиздай одамни овора қилиб қўйганимиздан хижолатдаман.

Етти ёт бегона бир эр-хотинни яраштириб қўйган, шу аснода бир оилани асраб қолган ўша ҳофиз машҳур санъаткор Муҳриддин Холиқов эди…

Мухлиснинг илтимоси

Анча кунлар олдин таҳририятимизга Андижон шаҳридан Дилором Турдиева исмли ҳамширадан мактуб келди.

Муштариймиз: «Сиз кутган суҳбат» рукнидаги барча гурунгни ўқиб бор­япман. Навбатдаги сонларда биз чин мухлиси бўлган Муҳриддин Холиқовнинг оиласи ҳақида ҳам ёзсангизлар», — деб сўраган эди мактубида.

Ушбу хат баҳона марҳум санъаткорнинг оиласига қўнғироқ қилдик. Акаси — Шаҳобиддин Холиқов суҳбатга рози бўлди.

— Аввало, укам Муҳриддин ҳақида доим сўраб турадиган чин мухлислари кўплигидан бошим осмонга етади, — дейди Шаҳобиддин ака. — Қаерга бормай, уни эслаб, ашулаларини соғинишганини энтикиб айтишади.

Муҳриддиннинг оиласи жуда аҳил эди. Уч ўғил, бир қизи бор. Катта қизи Камолахон ҳозир икки фарзанднинг онаси. Темурбек Тошкент давлат шарқшунослик институтида ўқийди. Комронбек Қишлоқ хўжалик институтини битирган. Кенжаси Одилбек эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўқийди. Унинг ижодга меҳри баланд. Отаси сингари санъати бор. Одилбекнинг ижодини  Муҳриддиннинг шогирди, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков оталиққа олган. Омадини берса, Муҳриддин каби ажойиб санъаткор бўлади, деган умиддамиз.

Оилада Одилбекдан бошқа ҳамма фарзандлар оилали, бола-чақали.

Гулсарахон — Муҳриддин Холиқовнинг рафиқаси шириндан-шакар невараларини еру кўкка ишонмайди.

Биз ўзимиз оилада тўрт ўғил, бир қиз эдик. Отамиз Жалолиддин Холиқов – ўз даврида таниқли ҳофизлардан бўлган. У киши микрофонсиз ашулалар айтган. Минглаб кишилик залга жонли овози етган. Машҳур ҳофиз Камолиддин Раҳимов отамизнинг шогирди бўлган.

Онамиз Қурбоной Убайдуллаева асли самарқандлик, ижодкор – ёзувчи, шоир, таржимон.

Холиқовлар оиласида санъат, ижодий муҳит бор эди. Бу хонадон доим санъат дарғалари, шоиру ёзувчилар қадам ранжида қилиб турадиган маскан эди. Оиланинг тўнғичи Қаҳрамон ака, Шаҳобиддин, Муҳриддин, Тўлқиной, Ҳусниддин Холиқовлар ана шундай ижодий муҳитда катта бўлишган.

— Отам бошчилигида барча йиғилиб, мусиқа, қўшиқ, дид ва савия ҳақида гурунглар, муҳокамалар қилардик, — дейди Шаҳобиддин ака. — Муҳриддин Холиқовнинг машҳурлигида ота-онамиз қатори айниқса, укамиз Ҳусниддиннинг алоҳида ўрни бор. Унинг мусиқий саводи дуруст, олий маълумоти бор эди. Энг яқин маслаҳатгўйи ҳам шу укам эди.

Эсимда бор, 1988 йилда Москвадан, ўша пайтларда бизда умуман бўлмаган, ниҳоятда қимматбаҳо бир чолғу асбобини олиб келганмиз. Муҳриддиннинг машҳур «Эй, гўзал» қўшиғи шу созда яратилган. Ўз даврида бутун санъаткорларни лол қолдирган, санъат оламида «портлаш» бўлган «Қиз бола» қўшиқлар альбоми ана шу соз ижросида дунёга келган эди.

  Оталик бурчини бажарган эди

 Муҳриддин оламдан ўтганда, Одилбекдан бошқа ҳамма фарзандлари катта бўлиб қолганди. Оилада оталик бурчини тўла ўтай олган эди. Ҳавас қилса арзигулик оиласи бор эди. Болалари отасидан меҳр кўриб ўсди, тарбиясини олиб катта бўлди. Шу сабабдирки, бугунгача ҳеч бирининг ортидан оиласига номақбул гап кириб келгани йўқ. Бари эсли-ҳушли.

Муҳриддин болалари тарбиясига ниҳоятда қаттиққўл эди. Уларни жуда яхши кўрса-да, ортиқча эркалатиб, талтайтириб ҳам юбормасди. Болаларининг мактабга бориши, ўқиши, хулқига доим қизиқиб турарди. Ҳаммасига чет тилларини ўрганиши учун шароит яратиб берган эди. Спорт билан шуғуллантирарди.

 «Бу дунё арзимас, фидо бўлишга…»

  Мухлис борки, Муҳриддин Холиқовнинг ушбу мисралар билан бошланувчи машҳур қўшиғини севиб тинглайди. Бу хониш тарихи ҳақида Шаҳобиддин Холиқов шундай дейди:

— Бу қўшиқ Муҳриддиннинг ўлимидан бир-икки ой олдин яратилган эди. Қўшиқ дунёга келишидан озроқ аввал, кунлардан бирида Муҳриддин билан оқшом гаплашиб ўтиргандик. У чуқур ўйга толган, нимадир уни безовта қиларди, чамаси. Лекин, сездирмасликка уринарди.

Бир пайт ҳар доимгидан-да мардонавор оҳангда: «Энди, ака, мен ҳам қирқ ёшдан ошиб қолибман. Мундай ўйлаб қарасам, шу пайтгача «Нигора», «Зулайҳо», «Сурайё» деган ашулаларни айтиб юраверибман. Ота, она, Ватан, яна инсон умр йўлидаги изтиробли дамларида хулоса чиқаришга арзийдиган бирон жиддийроқ ашула айтсам, деб ўйлаб қолдим. Мен ҳам би-и-р ёшимга мос қўшиқлар айтадиган вақт аллақачонлар келганга ўхшайди», деб қолди.

Маъқулладик. Шундай қилиб, Муҳриддин Рислиғой Ҳотамованинг шеъри асосида шу қўшиқни айтди. Айтгандаям, бутун қалб-қўри билан айтди.

Дуонинг кучи

 — Кўп буюк санъаткорлар Муҳриддин ва Ҳусниддиннинг санъатига иштиёқманд эди, — дея хотирлайди Қурбоной ая Убайдуллаева. — Тамарахоним, Ҳалимахон буларнинг санъати порлаб турибди, истеъдоди ёғилиб турибди юзидан, дея суйишарди. Мен ҳам ўғилларимнинг шу йўлдан боришини ичдан ҳис қилдим ва қўлимдан келганча ёрдам бердим. Она сифатида ҳам покизаликка, озодаликка, муомалада, ҳатто, яхши инсонлар билан дўстлашишига, қўлимдан нимаики келса, кўмаклашдим. Ўзимда қандай инсонийлик, одамийлик фазилатлари бўлса, барчасини болаларимга юқтиришга ҳаракат қилдим. Аммо, бўйларини, камолини кўриб, суюниб юрган пайтимда уч ўғлимдан бирин-кетин ажралиб қолдим. Катта ўғлим, кейин Муҳриддин юрагимни пора-пора қилиб кетди. Энди Муҳриддиннинг ғамли кунларидан узоқлашай деганда Ҳусниддин юрагимни доғлаб кетди. Кўрганга тўзим берсин, кўрмаганни Ўзи асрасин. Уч ўғлим ҳам бир-биридан қолишмас эди.

…Муҳриддин улуғ-улуғ одамларнинг дуосини олган эди. Дуонинг кучига мен ўшанда ишонганман.

Ижодни бошлаётган пайтларда Муҳриддин, Ҳусниддин билан ярим тунгача битта сўз устида бўлса-да, соатлаб меҳнат қилардик. Сўзни ҳис қилмагунча ўргатардим.

«Ҳотамтой»

 — Бир куни уйимизга Муҳриддин Холиқов келиб, туғилган кун қиляпмиз, боринг, деб айтиб кетди, — дея хотирлайди таниқли сўз устаси Тўхтамурод Азизов. — Бордик. Қарасам, уйининг эшиги олдида тўртта автобус турибди. Ҳайрон қолдим. Ичкари кирсам, ҳовлисида бўш жой йўқ: икки юз эллик чоғли бола стол-стул қилиб ўтирибди. Сўрасам, ўша куни ўғлининг туғилган куни экан. Меҳрибонлик уйларидан икки юз болани олиб келиб, меҳмон қилаётган экан. Кўзларимдан ёш чиқиб кетди.

Ўша куни мен Муҳриддиннинг нафақат санъатига, балки чин маънода инсонийлигига тан берганман. Дўстимиз ана шундай саховатпеша, меҳри дарё инсон эди.

— Муҳриддиннинг ана шундай кўнгли ярим болалар ҳақидаги «Болалар уйининг боласи» қўшиғи ўз-ўзидан яралмаган, — дейди Шаҳобиддин Холиқов. — Ҳар доим бирор вилоятга концерт қўйиш учун борадиган бўлсак, Муҳриддин аввал ўша ерда Меҳрибонлик уйи бор-йўқлиги билан қизиқарди. Бор бўлса, ишни ўша ерга бориб, кўнгли ўксик болаларнинг бошини силаб, бир ошам палов едириб, кейин концерт қўйиб, хурсанд қилишдан бошларди.

Ҳаётда жуда кўнгилчан, раҳмдил эди, қийналганларнинг бошини силашга шошарди. Бировга озор етказишни ўлимдек оғир оладиган одам эди.

Нега клиплари кам?

 Санъаткорлар орасида фақат Муҳриддин Холиқов клипларсиз ҳам машҳур бўлган, деган гап юради. Ростдан ҳам, санъаткор нега клип ишлашга унча ошиқмаган? Шаҳобиддин Холиқовдан бу ҳақда сўрасам, у шундай изоҳ берди:

—  Ростдан ҳам Муҳриддиннинг саноқлигина клипи бор. Ўз вақтида унга жуда кўпчилик, клип қилсангиз тезроқ машҳур бўласиз, деб айтиб, ҳоли-жонига қўймаган. Муҳриддин доим бир гапни такрорларди: «Мен промоушнчи санъаткор эмасман! Ўзимни реклама қилмайман. Қўшиқни зўр айтиш керак, одамларнинг кўнглидаги гапни ёқадиган қилиб куйлаш лозим — тамом-вассалом. «Мана бу — менман! Кўрсанг ҳам кўрасан, кўрмасанг ҳам кўрасан», деб ҳар куни телевизордан клипини чиқариб, одамларнинг жонига тегиш кимга керак?!», дерди.

 «Розилик ҳам ололмадим…»

 Шаҳобиддин ака тақдим этган, Муҳриддин Холиқов ҳақидаги хотира фильмни томоша қилар эканман, бир гап хаёлимдан ўтди: биз кўпинча орамизда юрган истеъдоднинг ҳақиқий истеъдодини, чин инсоний улуғлигини, буюк инсоннинг буюклигини унча сезмас эканмиз. Хал­қимизнинг севимли хонандаси, ҳар бир қўшиғи кўнгилларимизга муҳрланиб қолган санъаткор Муҳриддин Холиқов ана шундай инсон эди. У бугун орамизда йўқ. Лекин унинг ижоди, ўлмас қўшиқлари, бир-биридан ажойиб фарзандлари, не-не истеъдодлар бошини силаган меҳр тафти ҳали узоқ яшайди…

 

Жасур КЕНГБОЕВ.

«Оила даврасида» газетасидин олинди.