Ўзбекча гаплашамиз

Америкага кўчиб келиб яшаётган ўзбекистонликлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.  Бруклин кўчаларида бундан 20-30 йил олдин бир дона ўзбекистонликни учратиб қолсангиз, йиғлаб бағрингизга босган бўлардингиз,  ҳозир эса улар сони кўпайиб кетганидан киприк ҳам қоқмайсиз.

Биз инглиз тили асосий тил ҳисобланган мамлакатда яшаяпмиз.  Бу юртга ўспиринлик ёшидан ўтиб кириб келган ватандошларимиз учун она тилини эсдан чиқариш муаммоаси катта бўлмаса-да,  шу ерда туғилиб ўсаётган ва балоғат ёшининг дастлабки йилларида келганлар учун бу гапни айтиш қийин.  АҚШда яшаётган ёшларимиз орасида ўзбек тилининг унут бўлиб бораётгани шундан.

Она тилимиз биз учун онамиздек қадрли.  Онамизни қандай севсак,  улар учун ҳар нарсага тайёр бўлганимиздек,  она тилимиз муҳофазаси учун ҳам қўлимиздан келган ҳамма ишни қилишимиз керак.  Қолаверса,  миллий ўзликни йўқотиш тилни бой беришдан бошланади.

Ҳамма муҳожирлар ҳам бир кун келиб тилини йўқотади,  бу инкор қилиб бўлмайдиган жараён,  дея фикр юритувчиларга қулоқ осмаслигимиз керак.  Чунки бу гапнинг тўғри эмаслигини биламиз.  Тилни асраб қолиш масаласи фақат ўзимизга боғлиқ.

Мисол учун,  Бруклиннинг Боро Парк туманида яшайдиган Ашкеназий яҳудийларини олиб кўринг. Улар Нью-Йоркка келган муҳожирларнинг энг аввалгилари ҳисобланса-да,  уч-тўрт авлод ўтибдики,  ҳали ҳам ўзининг миллий тилига садоқатини йўқотмаган.  Бунинг учун улар оилада,  цинагога ва бошланғич мактабларида фақат идиш тилида сўзлашади.  Бола маълум ёшга келгандан кейингина унга инглиз тилини ўрганиш ва унда сўзлашга рухсат берилади.  Демак,  биз ҳам ўз она тилимизни сақлаб қолиш учун жиддий тиришсак ва бу йўлда турли дастурлар ишлаб чиқиб,  уларнинг татбиқи билан жон куйдирсак,  бунинг йўли бор,  албатта.

Бизнинг таклиф

  1. Америкадаги ватандошларимиз орасида тил муҳофазаси учун ойлик акциялар ўтказишимиз керак.  Масалан,  йилнинг бир ойини “Ўзбек тили ойи” (Uzbek language awareness month) деб эълон қилиб,  бу ойда ватандошлар ўзаро ва оилаларда фақат ўзбек тилида сўзлашиши керак. Бу ишга, айниқса, ота-оналарни фаол жалб этиш керак.  Турли маданий йиғинларда бу ҳақда эслатиб бориш керак.
  2. Ўзбек хонадонларида инглиз тилида сўзлашишни камайтириш мақсадида ота-оналар ёрдамида аниқ дастурлар ишлаб чиқиш керак.  Масалан,  хонадон эшигига “Бу ерда инглиз тилида сўзлашилмайди” белгисини осиб қўйиб,  уй ичида инглиз тилида гапирганларга жарима турларини ишлаб чиқиш ёки фақат ўзбек тилида гапириш қоидаларини бузмаганларни рағбатлантириш мумкин.
  3. Ўзбек хонадонларидаги китоб жовонларида ўзбек тилидаги китобларни,  газета,  журнал ва бошқа турдаги оммавий ахборот олиш воситаларини кўпайтириш керак.
  4. Ўзбек тилида адабиёт кечалари уюштириш,  ёшлар орасида давра суҳбатларини ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ.  Масалан,  кутубхона лойиҳамиз йўлга қўйилгандан кейин ёшларимиз орасида ҳафтанинг маълум кунлари йиғилиб бир бадиий китобнинг муҳокамасини ташкил этиш мумкин.  Унда ҳамма ўзи ўқиган китоб ҳақида ўзбек тилида фикр алмашиш имкониятига эга бўлади.

Биз Америкага келиб бу мамлакатнинг тилини ўрганмайлик дейишдан мутлақо узоқдамиз.  Аксинча,  бу юртда ўқиб,  ишлаб яхши ҳаёт кечиришнинг энг муҳим шартларидан бири бу инглиз тилини мукаммал билишдир.  “Ўзбек тили огоҳлиги ойи” лойиҳасини ўтказишдан мақсадимиз ватандошларимизни ўз тилини бошқа тил ҳисобига эсдан чиқармасликка, ўзлигимиз,  миллатимиз,  ватанимиз биз учун қадрли бўлса,  бунинг исботини амалда тилимизни қадрлаш орқали кўрсатишга ундашдан иборат.

Сиз нима дейсиз, Ватандош? Ўзбекча гаплашамизми?