Ироқ бош вазири: Саудия Арабистони Ироқнинг ички ишларига “очиқчасига аралашмоқда”

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий Саудия Арабистонини мамлакат ички ишларига аралашаётганликда айблади. Бош вазирнинг BBC’га берган интервьюсида қайд этилишича, Саудия ёлланма жангариларнинг Ироққа киришига ёрдам бермоқда, мамлакатда динлараро зиддиятни келтириб чиқаришга уринмоқда.

Маликийнинг айтишича, Суриядаги зўравонликлар Ироқнинг Анбар музофотида хавфсизлик муаммоларини келтириб чиқармоқда. У, шунингдек, Ироқнинг минтақадаги Эронпараст давлат эканлиги ҳақидаги иддаоларни рад қилди.  “Кимки Ироқни шиа давлати ёки тизими деб ўйласа адашади”, — деди у.

Маликий сўнгги пайтларда мамлакатда террористик ҳужумлар сони жадаллашиб қолгани хусусида фикр юритар экан, бунда сунний камчилик вакилларининг маргиналлашиб бораётганликда айблади. Унинг қайд этишича, бунда Саудия ва Қатар қўллаб-қувватлаётган диний гуруҳлар муҳим роль ўйнаб, террористларни Сурия орқали Ироққа олиб ўтишмоқда.

У Сурияда “Ал-Қоида”га қарши курашиш Ироқнинг “миллий, инсоний мажбурияти” эканлигини қайд этиб, Ироқда Башар Ассад режимига қаршилар кўплиги ҳақидаги фикрларни инкор қилди. “Суриядаги режимга муқобил нарса ҳозирча терроризм ва хунрезликдир”, — деди бош вазир.

Маликий Саудия Ироқ ички ишларига “очиқчасига аралашаётгани”ни таъкидлаб, Саудия ўз фуқароларининг Ироқдан қайтишини тақиқлаб қўйган. Айни пайтда бошқа миллат вакилларини пулга ёллаб Ироққа киритаётир. “Жуда кўплаб негериялик ва канадалик ёлланма жангарилар Ироққа кириш учун пул ваъда қилинган”, — деди у.