UZINFOCOM интернет фойдаланувчиларига бепул суб-домен олиш имкониятини яратиб берди

UZINFOCOM маркази UZ миллий доменининг 19 йиллиги муносабати билан барча интернет фойдаланувчиларига, жумладан, вебмастерларга, ёш ва тажрибали фойдаланувчиларга FOR.UZ лойиҳасини тақдим этади. Бу ҳақда Kun хабар тарқатди.

Марказ сайтида 29 апрель куни эълон қилинган хабарга кўра, ушбу лойиҳа ўз шахсий сайтини очган ҳолда алоҳида домен сотиб олишни истамаган фойдаланувчилар учун мўлжалланган.

Ушбу лойиҳа орқали name.for.uz (name ўрнида фойдаланувчи танлаган истаган сўз, ном бўлиши мумкин — Kun изоҳи) кўринишидаги учинчи даражали доменни бепул олиш мумкин.

Бепул доменни қўлга киритган фойдаланувчи ўз ҳоҳишига кўра ундан фойдаланиши, мавжуд сайтга ёки янги сайтга бириктириши, шу билан бир қаторда захирада сақлаш имкониятига эга бўлади.

Доменни қўлга киритиш учун фойдаланучи Ягона рўйхатдан ўтиш тизими — ID.Uz’да рўйхатдан ўтиб, PassportID мақомига эга бўлиши лозим.

«Умид қиламизки, яқин кунларда интернетнинг миллий сегментида бўш доменлар ўрнини қизиқарли сайтлар эгаллайди», – дейилади UZ миллий доменининг маъмури ҳисобланган UZINFOCOM маркази хабарида.