“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Украина ва Қримга авиақатновларини бекор қилишга мажбур бўлди

2014 йилнинг 3 апрель куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига тегишли HY-747/HY-748 Тошкент — Симферополь—Тошкент авиақатнови бекор қилинган. Бу ҳақда Газета.uz компаниядаги манбасига таяниб хабар берган.

Хабарда келтирилишича, рейсларнинг бекор қилиниши Қрим пойтахтидаги аэропорт тузилмасидаги ўзгаришлар сабаб юз берган. Гап шундаки, шу йилнинг 16 март куни бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра, Қрим Россия таркибига кириши билан ушбу ҳудуддаги бошқарув идоралари фаолияти бошқа давлат юрисдикциясига ўтган. Қолаверса, Россия тарафидан авиақатновни амалга оширишга рухсат йўқлиги ҳам авиақатновларни бекор қилишга сабаб бўлган.

Бунгача компаниянинг самолётлари ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари қатновни амалга ошириб келаётган эди. Сайт истиқболда ушбу йўналишдаги бошқа қатновлар ҳам бекор бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 1 апрель куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси томонидан Киевга томон амалга оширилиши керак бўлган рейслар бекор қилинди.

Ўзбекистон миллий авиакомпанияси матбуот хизмати хабарида келтирилишича, «Украина авиацияси раҳбарияти томонидан рухсат берилмагани муносабати билан юзага келган кутилмаган вазият сабабли «Тошкент – Киев – Тошкент» йўналиши бўйлаб 2014 йил 1 апрель куни амалга оширилиши керак бўлган HY741/HY742 рейси бекор қилинган.

Экспертларнинг фикрича, Украина билан боғлиқ муаммолар тез кунларда ҳал этилиши мумкин, аммо Қримга уюштириладиган авиақатновлар тақдири номаълумлигича қолмоқда. Боиси, Украина ва Россия ҳудудларига авиқатновларининг турли шартлар асосида амалга оширилиши ҳисобга олинса, Қримга уюштириладиган авиақатновлар маълум муддатга тўхтатилиши ҳам мумкин. Чунки бу бироз сиёсий масала ҳисобланади.