Ўзбекистон Сенати Украинадаги вазият бўйича “хавотир ва ташвиши”ни билдирди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Украина ва унинг атрофида юз бераётган воқеаларга муносабат билдирилди.

Сенат матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, сенаторлар халқаро вазият нуқтаи назаридан келиб чиқиб, бутун жаҳон ҳамжамияти қатори Ўзбекистон ҳам Украина ва унинг атрофидаги вазиятдан ташвишланмаслиги мумкин эмаслигини таъкидладилар.

“Сенаторлар ушбу масала бўйича Ташқи ишлар вазирлигининг шу йил 4 ва 24 мартдаги баёнотларида билдирилган позицияни қўллаб-қувватлаб, Украинада юз бераётган воқеалар вазиятнинг жиддий мураккаблашувига ҳамда қарама-қаршиликка олиб келгани баробарида, улар тангликнинг янада кучайишини, олдиндан айтиш мушкул бўлган оқибатларни келтириб чиқариши, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши мумкинлиги Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғотмаслиги мумкин эмаслигини қайд этдилар”, — дейилади ахборотда.

Сенаторлар юзага келган вазиятнинг бартараф этилишини, энг аввало, куч ишлатишлар қўлланилишидан воз кечилган ҳолда, вужудга келган муаммолар тинч йўл билан, сиёсий воситалар ва саъй-ҳаракатлардан фойдаланилган тарзда, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига ҳамда БМТ Низомига асосланган ҳолда, музокаралар йўли билан ҳал этилишида кўрилади, деган фикрни билдирдилар.