Украина ичида ва атрофида ҳарбий ҳаракатлар фаоллашмоқда

Украина муваққат ҳукумати Славянск шаҳрида ҳарбий амалиётларнинг иккинчи босқичини бошлади. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари вазифасини бажарувчи Сергей Пашинский маълум қилган. “Ҳозирги пайтда амалиёт давом этмоқда. Мақсад — Славянскни тўлиқ қамал қилиш бўлиб, муаммога ташқи кучларнинг аралашувини камайтиришга ҳаракат қилинмоқда”, деди у.

Украина хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, ҳарбий амалиёт пайтида қурбонларнинг олдини олиш мақсадида Славянскка ҳужум қилинмайди.

Ҳозирча Украина ҳарбийлари шаҳарга кириш йўлларини барча тарафдан назорат қилишга уринмоқда. Ўртада бўлиб ўтган тўқнашувлар натижасида 5 нафар федерализация тарафдори ва бир нафар ҳарбий ҳалок бўлган.

Euronews’нинг ёзишича, амалиёт натижасида ҳарбийлар томонидан шаҳарга кираверишдаги учта блокпост эгаллаб олинган. Расмий Киевнинг қайд этишича, вазиятни “бошқариб бўлмаяпти”, федераллар орасида пухта тайёрланган рус ҳарбийлари ҳам бор. АҚШ уларнинг “агентлар” деб атамоқда. Москва эса буни рад қилиб, Украина шарқида “халқ қаршилик ҳаракати” юз бераётганини қайд этмоқда.

Пайшанба куни Россия ҳарбийлари Украина билан чегарада ҳарбий машғулотларни бошлади. ИТАР-ТАССнинг ёзишича, машғулотлар Украинанинг Россия билан чегарадош ҳудудларида Украина ҳарбийларининг тўпланиб қолгани билан боғлиқдир. Бундай машғулотлар НАТО шафелигида Литвада ҳам ўтказилиши кутилмоқда.