АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга гуманитар ёрдам кўрсатади

АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа ҳамкорлари билан аҳолининг айрим қатламлари учун бойитилган озиқ-овқат маҳсулотларини тақсимлаш бўйича янги дастурни эълон қилди.

«Газета.uz»нинг хабар беришича, дастур имконияти чекланган болалар, силга қарши курашиш диспансерлар ва бошқа тиббиёт муассасалари беморларининг озиқланишини янада яхшилашга йўналтирилган.

Яқинда бўлиб ўтган мазкур дастур тақдимотида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Асилбек Худоёров, “Соғлом авлод учун” халқаро ҳукуматга қарашли бўлмаган хайрия фонди бошқаруви раиси Светлана Иномова, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол, ташқи ишлар, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, халқ таълими вазирликлари, Американинг Resource and Policy Exchange (RPX) ташкилоти вакиллари иштирок этди.

Дастур 2014 йилнинг ноябрь ойига қадар давом этиб, бу давр мобайнида 20 минг кишига мўлжалланган 112 тоннадан ортиқ бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади. 311,8 минг долларлик дастлабки озиқ-овқат партияси бутун Ўзбекистон бўйлаб 107 та муассаса беморлари, хусусан, «Мурувват» ва «Саховат» уйлари тарбияланувчилари, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига тарқатилади.

Гуманитар ёрдамнинг ўз эгаларига етказиш ва тақсимлаш билан “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси шуғулланади.

АҚШ элчихонасининг маълумотларига кўра, USAID қишлоқ хўжалигидаги хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш орқали фуқаролар ҳаётини яхшилаш ҳамда юқумли касалликлар ва одам савдоси каби таҳдидларга мамлакат институтлари имконият ва салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

USAID Ўзбекистон ҳукуматига сил, ОИВ/ОИТС касалликларининг олдини олиш ва даволаш хизматлари сифатини оширишда ҳам яқиндан ёрдам бермоқда.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонга 1993 йилдан эътиборан, мамлакат мустақилликка эришган санадан кўп ўтмай, ёрдам кўрсатишни бошлаган. Шу кунгача Америка халқи USAID орқали Ўзбекистондаги фаровонликка ҳисса қўшаётган хилма-хил дастурлар учун 320 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади. 2013 йили USAID Ўзбекистонда фаолият бошлаганига 20 йил тўлди.