Эйлен О’Коннор: “Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштириб туради”

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари, Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакил офиси катта директори Эйлен О’Коннор Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турибди. О’Коннор ташриф доирасида ҳукуматнинг таълим соҳасидаги етакчи вакиллари билан учрашиб, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қаратилган икки томонла ва минтақавий масалаларни муҳокама қилди. Шу билан бир қаторда, О’Коннор АҚШнинг, Ўзбекистон, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирзиғистондаги элчихоналари дипломатларининг минтақавий йиғилишида ҳам  иштирок этди.

Минтақавий хавфсизлик билан шуғулланадиган тажрибали мутахассислар Марказий ва Жанубий Осиёда юзага келган вазиятни таҳлил қилишди, истиқболдаги аниқ вазифаларни белгилаб олишди.

Анжуманнинг Тошкентда ўтказилиши бежизга эмас. Э. О’Коннорнинг сўзларига кўра,  мазкур тадбир АҚШ Давлат департаментининг ўз фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ишларини яна бир кўрсатиб беради. Амалга оширилган ишлар бўйича Э. О’Коннор АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида матбуот анжумани ўтказди. Қуйида унинг нутқининг асосий жиҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

***

Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштириб туради

Э. О’Коннор:  Тошкентга яна ташриф буюрганимдан хурсандман. Мен ҳукумат тузилмалари вакиллари билан учрашдим, шунингдек, таълим соҳаси мутахассислари ва қишлоқ хўжалиги масалалари билан шуғулланувчи хотин-қизлар ташкилотлари билан норасмий учрашувлар бўлиб ўтди. Гарчи АҚШ жорий йилда миллий хавфсизликни таъминлашни Афғонистон қуролли кучларига топширса-да,  биз Марказий ва Жанубий Осиёда фаолиятимизни давом эттиришни интиқлик билан кутиб турибмиз. Халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этганидан сўнг биз Афғонистон ва минтақадаги мамлакатларнинг, хусусан, Ўзбекистонга ёрдам бериш ва ҳамкорликни йўлга қўйишда ўз кўмагини кўрсатишда давом этамиз. АҚШ Тошкентнинг минтақада иқтисодий ва социал ўзгаришларни амалга ошириш бўйича халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларини олқишлайди ва қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон бизнинг халқаро ҳамжамият ва терроризмга қарши курашишда узоқйиллик ва ишончли ҳамкоримиз ҳисобланади. Албатта, айрим масалаларда биз якдил фикрга етиб келмаган бўлмаса-да, аммо ҳар қандай шароитда тарафлар бир-бирини ҳурмат билан тинглаб келади ва истиқболда худди шу руҳда давом этамиз.

Ўзбекистон ўз инфратузилмасини шакллантириш орқали амалда Марказий ва Жанубий Осиё бирлаштирмоқда. Мен бундай фаолиятнинг кенгайишида улкан иқтисодий  салоҳиятни  кўряпман. Айниқса, бундай ҳамкорликнинг амалий натижаларини кўриб турибмиз. Масалан, Кобулнинг электр энергия таъминоти билан Ўзбекистон энергия тизими шуғулланмоқда. Истиқболда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг Афғонистонга экспортини ривожлантириш талаб қилинади. Биз Марказий Осиё мамлакатларининг бундай ўзаро манфаатли имкониятларни  очишда қўллаб-қувватлаймиз, уларнинг хавотирларини ва барча мамлакатлар жалб қилинишидаги манфаатларини ҳисобга оламиз. Бизнингча, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва кенгайтириш иқтисодиётни яхшилайди, ушбу мамлакатлар фаровонлиги ва ижтимоий таъминотини оширади ва пировардида, барча учун фойда келтиради. Маълумки, минтақанинг айрим мамлакатлари электр энергия таъминотидан азият чекмоқда. Бу, айниқса, Афғонистон ва Покистонда яққол кўзга ташланади. АҚШ бу борада, айниқса, электроэнергия соҳасида эҳтиёж ва имконияти бўлган мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ва етказиб беришни қўллаб-қувватлайди.

Афғонистондаги сайловлар

Бугун Афғонистон ўзининг сиёсий ривожланишида ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Узоқ йиллар давомида режалаштирилган жараёнга гувоҳ бўляпмиз. Шу муносабат билан Афғонистон тарафининг сўровига биноан, АҚШ ўзининг ҳарбий контингентини қисқартирди. Мамлакат хавфсизлиги ва суверенитетини таъминлаш бўйича барча масъулият Афғонистон ҳукумати қўлига ўтмоқда. Шу билан бир қаторда, бугун Афғонистон учун сайловлар ўта муҳим воқеа ҳисобланади. Маълумки, мамлакат Конституциясига кўра, Ҳамид Карзай ўз номзодини илгари сура олмайди. У мамлакатни бошқаришдан бутунлай кетишини маълум қилди.

Ўз навбатида, мустақил сайлов комиссияси Афғонистон президенти сайловини ўтказиш бўйича, назаримизда, улкан ишни амалга оширди. Комиссия адолатли ва тенг ҳуқуқли сайловларни ўтказиш қоидаларини тасдиқлади. Қувонарлиси, Афғонистон президенти номзодларининг барчаси ушбу талабларни виждонан бажаришмоқда. Барча номзодлар, гарчи бошқа этник гуруҳ вакили бўлса-да, мамлакатнинг барча минтақасида сайловолди кампаниясини ўтказишга муваффақ бўлишди. Номзодлар ўртасида теледебатлар асосан Афғонистонни ривожлантириш бўйича ички муаммоларга бағишланмоқда. Номзодларнинг барчаси сайловларнинг натижаларини тан олишларини ҳамда АҚШ ва халқаро ҳамжамият билан яқин алоқа олиб боришини таъкидлашмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, номзодлар орасида жаноб Абдулла Абдулла етакчилик қилмоқда, жаноб Ашраф Ғани эса ундан сал кейинда бормоқда. Жаноб Залмой Расул эса улардан сезиларли даражада ортда бормоқда. Булар дастлабки маълумотлар, аммо ҳали барча овозлар санаб бўлингани йўқ. Охирига бориб иккала номзод ҳам тенг овоз тўплаши мумкин…

Сайлов натижаларидан қатъи назар АҚШ ҳар қайси номзод билан иш олиб боради. Барчаси, алал-оқибат, афғон халқининг танловига боғлиқдир. Ўз навбатида, жаноб Абдулла Абдулла ҳам, Ашраф Ғани ҳам Афғонистон хавфсизлигини таъминлаш бўйича иккитомонлама шартномани лавозимга киришишлари билан имзолашларини маълум қилишди.

АҚШ Афғонистонга ёрдам кўрсатишда давом этади

Президент Обама Афғонистон хавфсизлигини таъминлаш бўйича шартнома имзоланадиган бўлса, АҚШ халқаро ҳамжамият билан бирга, мамлакатнинг ислоҳотларни янада чуқурлаштиришида ҳамда терроризмга қарши курашишида кўмак беришга тайёр. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, Афғонистон хавфсизлик кучлари ўтган йилдан мамлакат хавфсизлигини таъминлашга киришган бўлса-да, ўз вазифаларини яхши уддалашмоқда. Бу, айниқса, сайловлар жараёнида яққол кўзга ташланди. Шундай бўлса-да, уларга халқаро ҳамжамиятнинг кўмаги ўта зарур.

Шуни қувонч билан айтиш керакки, замонавий Афғонистон 2001 йилги Афғонистондан тубдан фарқ қилади. Мисол учун, ҳозирги кунда 8 миллион нафар бола мактабга қатнамоқда. Уларнинг 40 фоизи қизлардир. Аксарият аҳоли мобиль телефонга эга, интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланмоқда. Ўтган давр мобайнида шу даражада кўп йўллар барпо этилдики, ўтмишда бунақаси бўлмаган. Янги объектлар қурилиши эса изчил давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Афғонистонга темир ва автомобиль йўлини барпо этишда яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Афғонистонни Ўзбекистон ва Покистон билан боғлайдиган савдо бизнес-йўналишлари ривожланмоқда. Аҳолисининг асосий қисми ёшлардан иборат бўлган замонавий Афғонистон улкан имкониятлар мамлакатидир. Айниқса, сайловларда уларнинг рекорд даражада овоз бергани ҳам ёшлар келажакка умид ва ишонч билан қараётганидан далолатдир.

Россия билан ҳамкорлик

Ҳозирги шароитда АҚШ Россия билан Афғонистон масаласида ҳамкорликни тўхтатиш масаласини кўриб чиқаётгани йўқ. Афғонистон бўйича Россия — АҚШ битими халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари билан минтақада самарали ишлай олишимизни кўрсатади. АҚШ ва Россия нафақат шимолий тақсимот тармоғи фаолиятини олиб боришда, балки гиёҳвандлик моддаларининг савдосига қарши курашишда ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келади. Афғонистондаги барқарорлик ва тинчлик нафақат бизнинг манфаатларимизга, балки Россия ва минтақадаги бошқа мамлакатлар манфаатига ҳам хизмат қилади. Хабарингиз бор, АҚШ давлат котиби Жон Керри яқинда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашди. Улар Украинадаги можарони ҳал қилиш масаласини муҳокама қилишди. Зўравонликка барҳам бериш, қуролланган тўдаларни қуролсизлантириш, Украина халқи нимани хоҳлайди, шу каби саволларга жавоб топилиши керак. Буларни ва уларга ўхшаган муаммоларни фақат ва фақат дипломатик йўллар билан ҳал қилиш керак.

Аммо минтақада Америкага қарши кайфият ҳам йўқ эмас. Бизга шуниси маълумки, улар асосан Россия оммавий ахборот воситалари орқали кучайтирилмоқда. Улар Марказий Осиё минтақасида муҳим роль эгаллайди. Мен дезинформация ва ахборотни бузиб талқин қилишларини кўриб, ҳайратга тушдим. Бизга маълумки, Россия оммавий ахборот воситалари амалда мустақил эмас, улар, ҳатто ижтимоий тармоқларгача назорат қилинади.  Шу муносабат билан айтмоқчиманки, АҚШ минтақа мамлакатларига олдига шерикни танлаш муаммосини қўймоқчи эмас. Биз минтақа билан мунтазам ишлашни хоҳлаймиз, бу тадрижий, тараққиёт ва ривожланиш, Марказий Осиё халқларининг хоҳиш ва манфаатларидан келиб чиқишини хоҳаймиз. Айни пайтда АҚШ Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан узоқ иқтисодий ва маданий алоқаларга эга эканлигини тан олади.

Ҳарбий техника хусусида. АҚШ Давлат департаменти жангларда нафи теккан, махсус бронланган машиналар шаклидаги ортиқча ҳарбий-техникавий арсеналларни минтақадаги шерикларига берилиши мумкин деб ҳисоблайди. Ҳозирги кунда АҚШ мудофаа вазирлиги ушбу масалада хат тайёрламоқда. Шуни қайд этишни истардимки, бу қурол эмас, балки мудофаа мақсадида фойдаланиладиган ҳарбий техникадир. Учувчисиз ҳаракатланадиган учоқларга келадиган бўлсак, АҚШ минтақадаги ҳеч бир мамлакат, хусусан, Покистон билан ҳам бундай битимга эга эмас.

Таълим ва гуманитар соҳада ҳамкорлик

АҚШнинг минтақа билан ҳамкорлигининг соҳаларидан бири таълим тизимидир. Хусусан, бу Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш масаласидир. АҚШ элчихонаси шу муносабат билан Ўзбекистонга инглиз тили ўқитувчиларини жалб қилиш масаласини муҳокама қилди. Бир қатор университетлар билан ҳамкорлик шартномаларини имзоланиши мумкин. Инглиз тилини ўқитиш бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш мақсадида методологик кўмак берилади. Шунингдек, Тошкентда Америка маркази фаолият юритади. Биз уни кўпроқ аҳоли бемалол фойдаланиши учун қайта таъмирлаймиз. Мақсад — Америка маданияти, адабиёти ва иқтисодиётини ўрганиш орқали инглиз тилини ўқитишдир. Бундан ташқари, биз анча йиллардан бери Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари тарихий обидаларини тиклаш бўйича катта иш амалга ошириб келмоқдамиз. Сиз қанча тарихий жойлар АҚШ томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таъмирланганидан хабарингиз бўлса керак. Бугунги кунда Бухоро ва Ҳирот тарихий-маданий ёдгорликларини тиклаш ва таъмирлашга катта-катта инвестициялар йўналтирилмоқда.

 

Мавлон ШУКУРЗОДА.

Тошкент.