Барак Обама 2014 йилдан сўнг Афғонистонда 9800 нафар америкалик ҳарбий қолишини маълум қилди

АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистонда 2014 йилдан сўнг 9800 нафар миқдорда Америка ҳарбий контингенти қолишини маълум қилди. 2017 йилнинг бошига қадар эса Афғонистонда биронта ҳам америкалик ҳарбий қолмайди.

Америка раҳбарининг қайд этишича, Америкалик ҳарбийлар 2014 йилдан иккита миссияни амалга оширишади: Афғон қуролли кучларини тайёрлаш ҳамда Ал-Қоида ҳарбий тўдаларига қарши курашишда турли амалиётларни олиб боради. Президентнинг қайд этишича, айни пайтда Америка ҳарбийлари Афғонистон ҳукумати иккитомонлама хавфсизлик шартномасини имзоласагина қолиши билан огоҳлантирди.

Барак Обама АҚШ ташқи сиёсатида Афғонистон ва Ироққа ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратилаётганини ва ҳарбийлар олиб чиқилгач, бошқа йўналишларга катта эътибор қаратилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ёзида ўз лавозимидан кетадиган Ҳамид Карзай Америка таклиф қилган шартномани имзолашдан бош тортди. У буни янги президент қилиши кераклигини айтди. Шуни айтиш керакки, Афғонистонда президентлик сайловида иштирок этаётган иккала асосий номзод — Абдулла Абдулла ҳамда Ашраф Ғани ҳам мазкур битимни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Барак Обаманинг қайд этишича, 2015 йилда Афғонистонда АҚШнинг иккита ҳарбий базаси иш олиб боради. 2016 йил охирига келиб эса фақатгина АҚШ элчихонаси ва унинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган ҳарбий кучлар ушбу мамлакатда қолади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Барак Обама Афғонистонга ташриф буюриб, америкалик ҳарбийлар билан учрашган эди. Аммо Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай у билан Кобулдан ташқарида учрашишга розилик билдирмаган.

Яқинда Шанхайда чиқиш қилган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов НАТО кучларининг Афғонистондан 2014 йилда чиқиб кетишига ҳали вақт борлигини қайд этган.