Чикагода дала сайли

Шу йилнинг 25 май куни Чикагодаги Ўзбек-Америка ассоциацияси (UAAC) ташаббуси билан йиллик дала сайли (пикник) ўтказилди. Анъанавий ўтказиб келинадиган сайил Hinsdale шаҳарчасига қарашли Катерина истироҳат боғида бўлиб ўтди. Унда 200 нафарга яқин киши иштирик этишди. Ватандошлар бир-бирлари билан дилдан суҳбатлар қурдилар. Турли мавзуларда ўзаро ахборотлар алмашдилар. Болакайлар мазза қилиб ўйнадилар. Шунингдек, болалар ўртасида “Ўзбекча гапирамиз” мавзуида мусобақа бўлиб ўтди. Ўзбек тилида айтилган энг яхши шеърлар, мақоллар, иборалар учун болажонларга совғалар улашилди.

Катталар ўртасида эса футбол ва волейбол мусобақалари ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбек жамиятининг ушбу тадбирига қизиқиб келган америкалик фахрий меҳмонларга эсдалик совғалари улашилди.

Йиғилганлар қўқонлик машҳур ошпаз Бахтиёр Набиев ва ўшлик кабоббаз Азизбек Давроновлар томонидан тайёрланган кабоб ва паловдан тановул қилишиб, миннатдорчилик билдирдилар.

Ватандошлар бир-бирлари билан эсталик учун суратларга тушиб, унутилмас таассуротлар билан қайтдилар.

“Ватандош” учун Чикагодан

Олим Шарипов махсус.