Абдулазиз Камилов Туркия ташқи ишлар вазири билан учрашди

Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича форум доирасида Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғлу Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абулазиз Камилов билан учрашди. Бу ҳақда Kun Туркия элчихонаси матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.

2014 йил 20-21 май кунлари Хитойнинг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг тўртинчи саммити доирасида мазкур кенгашда аввалги раислик вазифасини бажарган Туркия номидан иштирок этган ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғлу Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абулазиз Комилов билан учрашув ўтказди.

Хабарда айтилишича, учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини яна ҳам ривожлантиришга доир аниқ қадамлар ташлаш масалалари муҳокама килинди. Томонлар шунингдек ҳар икки мамлакатни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашишди.

Эслатиб ўтамиз, узоқ муддат давомидаги турғунликдан сўнг Туркия — Ўзбекистон муносабатларида бир қатор жонланиш кузатилди.  Аввалроқ, 2014 йил февраль ойида, Сочи Олимпиадаси очилиши доирасида бўлиб ўтган расмий тадбирлар вақтида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.

Сўнг Туркия элчихонаси тарқатган бўлиб ўтган тадбирлардан бирида Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташриф буюриш нияти борлиги ҳақида ҳам бир қатор ахборотлар янгради. Шу маънода айтиш мумкинки, икки давлат ўртасидаги муносабатлар жонланмоқда.