Европа Иттифоқи Ўзбекистонга 168 миллион евро ажратади

Европа Иттифоқи 2014-2020 йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш учун 168 миллион евро ажратади. Бу ҳақда “Новый век” Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумотлари асосида хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, 2007-2013 йилларда Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ривожланиш жараёнини қўллаб-қувватлашга 72 миллион евро ажратган.

Саъй-ҳаракатлар ва маблағларнинг аксарият қисми ирригация инфратузилмасини яхшилаш, бу соҳага сувни тежаш технологияларини жорий қилиш, мамлакатда сув тақсимотининг янги шаклларини яратишга қаратилади. Шу билан бирга, агроозиқ-овқат бизнеси, озиқ-овқат соҳасидаги корхоналарни ривожлантириш, янги қувватларни ишга туширишга ҳам лойиҳалар йўналтирилади.

Европа Иттифоқи вакилларига кўра, лойиҳаларнинг асосий параметрлари жорий йилнинг ярмига қадар Европа Комиссияси томонидан маъқулланиши керак. Шундан сўнг йилнинг охирига қадар аниқ лойиҳалар амалга оширилишини кўзда тутадиган дастурлар кўриб чиқилиши бошланиши керак.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи 1996 йилда “Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида” битим имзолаган бўлиб, Иттифоқнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2012 йилдан фаолият юритади.