Тошкентда Россиялик тадбиркор Александр Поздеев тилхат билан озод қилинган

Ўзбекистонда 23 май куни кечқурун Россиянинг “Западно-Уральский машиностроительный концерн” корхоналар гуруҳи президенти Александр Поздеев ҳеч қаёққа чиқиб кетмаслик тўғрисидаги тилхат билан озод қилинган.

Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Норасмий маълумотларга кўра, 24 май куни тадбиркор касалхонага ётқизилган. Поздеевнинг саломатлиги аҳволи ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Хабарларда айтилишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси Поздеевга нисбатан учта айблов эълон қилган. Хорижий валютани яшириш ва ўмариш шулар жумласидандир. Айбловга кўра, тадбиркор Деҳқонобод калий заводининг навбатдаги қуввати қурилиши ва жиҳозланиши учун смета харажатларини ошириб кўрсатган.

Тадбиркор 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан сўроқ қилингач, дарров ҳибсга олинган. Шуни қайд этиш керакки, “Западно-Уральский машиностроительный концерн” корхоналар гуруҳи Ўзбекистонда 2007 йилдан бери фаолият юритиб келади. У олтин конларига, шунингдек, калий заводи ва унинг конларига хизмат кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеа юзасидан Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси бир неча маротаба муносабат билдирган эди.

Хусусан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида 22 май, пайшанба куни Россия элчиси Владимир Тюрденев билан учрашув бўлиб ўтди.  Хабар беришларича, учрашув чоғида икки томонлама кун тартибида турган амалий масалалар муҳокама қилинган. ТИВ хабарида учрашувнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.

Ғарбий Урал машинасозлик концерни президенти Александр Поздеевнинг Тошкентда ҳибсга олиниши муносабати билан Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида «Россия Ташқи ишлар вазирлиги воқеалар ривожини 13 май – ишбилармон А. А. Поздеевнинг Тошкентда ҳибс олинганидан бери диққат билан кузатиб бормоқда. Юз берган ҳодиса Россия бизнес-ҳамжамияти эътиборидан ҳам четда қолмаган бўлиб, уларнинг фикрича бу каби ҳодисалар Ўзбекистон-Россия савдо-иқтисодий ҳамкорлигига жиддий зарар етказади, Ўзбекистондаги инвестицион муҳитга салбий таъсир қилади», – дейилади.