Ўзбекистон халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетишига ҳали вақт бор деб ҳисоблайди

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммитида иштирок этган Ўзбекистон раҳбари қўшни Афғонистонни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Бугун шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Афғонистон муаммосини ҳал этишдан манфаатдор барча томонлар бир фикрда якдил – Афғонистонда ҳарбий йўл билан тинчлик ўрнатиб бўлмайди. Ислом Каримов Ўзбекистон бу фикрни НАТОнинг 2008 йил апрелдаги Бухарест саммитида ҳам илгари сурганини қайд этди.

Президентнинг фикрича, можарони бартараф этишнинг ягона тўғри йўли – сиёсий йўл бўлиб, музокаралар орқали қарама-қарши томонларнинг ўзаро келишувига эришиш, мамлакатнинг асосий миллий-этник гуруҳлари вакилларидан иборат ҳукуматни шакллантиришдир. Афғонистонда президент сайловининг иккинчи босқичи қонун доирасида ўтказилишига умид билдирди ва бу жафокаш Афғонистон халқи учун тинч ҳаёт сари йўл очиб бериши мумкин.

Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида унинг ички ишларига аралашмаслик, ҳамкорликни фақат икки томонлама асосда ташкил қилиш, Афғонистон халқи сайлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сиёсатида қатъий туради.

“Ўзбекистон муросага келаётган томонлар олдига нафақат музокара жараёнини чўзадиган, балки кескинликнинг яна авж олишига, зиддият ва тортишувларнинг янада кучайишига олиб келадиган шартлар қўйилиши мутлақо самарасиз ва бунга сира йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Афғонистондан АЙСАФ тинчликпарвар кучларининг чиқарилишига келсак, ушбу мамлакатда юзага келган вазият қўшинларни 2014 йилнинг охирига қадар олиб чиқиб кетиш якуний муддатини узайтиришни талаб қилади”, — деди Ислом Каримов.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги халқаро кучлар жорий йил охирида ўз миссиясини якунлайди. Фақатгина чекланган миқдорда ҳарбийлар иккитомонлама шартнома асосида қолиши мумкин.