Ислом Каримов: “Си Цзиньпин Ўзбекистоннинг “самимий ва яхши дўсти”

Шанхайга Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммити йиғилишида иштирок этиш учун ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашди. “Хитой — Ўзбекистон муносабатлари стратегик нуқтаи назардан бир-бирини тўлдириши ҳамда ўзаро туташ нуқталарга эгалиги билан ажралиб туради”, — деди Си Цзиньпин.

“Синьхуа” ахборот агентлигининг хабар беришича, Си Цзиньпин стратегик шериклик ўрнатилганидан ҳамда ўзаро дўстона ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганидан сўнг Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорликнинг изчил ривожланишини ижобий баҳолаб, Ислом Каримов билан қалин алоқаларни сақлаб қолиш ва у билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш учун мунтазам фикр алмашиб туриш ниятида эканлигини айтиб ўтди.

Хитой раҳбари Ўзбекистонни Марказий Осиё ва Ипак йўлидаги муҳим давлатлигини қайд этди. Томонлар иккитомонлама ҳамкорликнинг беш йиллик дастурини ишлаб чиқишни жадаллаштириш, савдо-иқтисодий, энергетика, инфратузилма ва бошқа соҳалардаги иккитомонлама алоқаларни кенгайтириш зарурлигини, шунингдек,  Хитой — Марказий Осиё газқувури қурилишини жадвал асосида олиб боришни уқтирдилар.

Ислом Каримов, ўз навбатида, Си Цзиньпинни Ўзбекистоннинг “самимий ва яхши дўсти” эканлигини қайд этиб, Ўзбекистон — Хитой муносабатларини ривожлантиришда унинг ролига юқори баҳо берди.

“Ўзбекистон Хитой билан дўстлик сиёсатига собитлик билан ёндашади ва Хитойнинг мустаҳкам ҳамкори сифатида иш олиб боради. Ўзбекистон тарафи Ипак йўли иқтисодий минтақасини барпо этиш фаол иштирок этишга тайёр”, деди Ислом Каримов.

Си Цзиньпин, шунингдек, икки давлат биргаликда Самарқанд ва Улуғбек обсерваториясини эҳтиёткорлик билан тиклаш зарурлигини уқтирди.