Россияда қотилликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси ўз хоҳишига кўра Москвага қайтиб келган

Россиянинг 22 яшар фуқароси Леонид Сафьянниковни оғир тан жароҳати етказиш йўли билан ўлдирганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Москвага ўз хоҳишига кўра учиб келган. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, 25 яшар Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедов Москва аэропортига келиб қўнгач, Россия ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан қўлга олинган.

Аэропортдан уни полиция идорасига олиб боришган ва тергов бошланади. Хабарларда айтилишича, унга бугуннинг ўзидаёқ айблов эълон қилинади.

Шуни қайд этиш керакки, унга Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 111-моддаси 4-қисми (Эҳтиётсизлик ортида ўлимга олиб келган соғлиққа атайин оғир жароҳат етказиш), 166-моддаси 1-қисми (Ўғирлаш мақсадисиз автомобилга ноқонуний эгалик қилиш), 167-моддаси 1-қисми(Бегонанинг мулкига атайин зарар етказиш)га мувофиқ, айблов эълон қилинган.

Хабарларда айтилишича, Сафьянников билан муштлашувдан сўнг айбланувчи Ўзбекистонга қайтишга муваффақ бўлган, аммо оиласи ва қариндошларининг босими остида Россияга қайтишга мажбур бўлган.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 13 май куни кечқурун марҳум Сафьянников Пушкино станциясидан узоқ бўлмаган бозорнинг янида машинасини тўхтаб туриш учун қўяди, ўша пайтда бозордан айбланувчининг машинаси чиқиб келаётган бўлади, марҳумнинг машинаси унга халақит беради. Ҳайдовчилар ўртасида баҳс келиб чиқади. Тортишув пайтида айбланувчи марҳумнинг бошига уради, у ерга қулаб тушади. Шундан сўнг урган шахс жабрланувчининг машинасига ўтириб, 20 метр нарида турган устунга бориб урилади. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, у айбини яшириш учун атайин авария ҳолатини яратмоқчи бўлган. Шундан сўнг айбланувчи жабрланувчини яқин атрофда турган таксичи билан бирга касалхонага олиб боради. Сафьянников касалхонада вафот этади.

Судмедэкспертиза хулосасига кўра, марҳум бош-мия жароҳати оқибатида вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, кеча 400 нафарга яқин Пушкино шаҳри аҳолиси намойиш ўтказган. Улар марҳумни хотирлаш учун йиғилган, аммо айрим иғвогарлар тартибсизликлар уюштирган. Полиция 4 нафар кишини тартибсизлик содир қилмоқчи бўлгани учун ҳибсга олган, бундан ташқари, 57 нафар киши майда безорилик ва спиртли ичимликлар ичгани учун қўлга олинган.