Латвия Шимолий таъминот тармоғини тижоратлаштириш таклифини илгари сурмоқда

Маълумки, шу кунларда Латвия президенти Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Латвия президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, томонлар учрашув натижалари бўйича қўшма баёнот билан чиқиб, халқаро масалаларда якдил позицияда эканлигини намойиш этишган.

Хабарда айтилишича, Латвия Ўзбекистонга катта қизиқиш билдирмоқда. Негаки, мазкур делегация таркибида мамлакат парламенти аъзолари, суд-ҳуқуқ тизими вакиллари, шунингдек, 60 нафардан ортиқ тадбиркорлар ташриф буюрган.

Ўтган йили икки давлат ўртасида ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб, ўзаро савдо айланмаси 146 фоиз ўсган. Ўтган йили икки давлат ҳамкорлигида 343 та қўшма корхона ишлаган бўлса, жорий йилда уларнинг сонини 392 тага етказиш кўзда тутилмоқда.

Латвия президенти Андрис Берзиньшнинг айтишича, у Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан Марказий Осиё ва Афғонистондаги, шунингдек, Украинадаги вазиятни муҳокама қилган. “Бу муаммоларга Ўзбекистоннинг қараши биз учун муҳим. Шуни қайд этишим мумкинки, Ўзбекистон минтақадаги хавфсизликни таъминлашда муҳим роль эгаллайди”, — деди у, жумладан.

Латвия президентига кўра, 2015 йилнинг биринчи ярмида Латвия Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилади. Унинг қайд этишича, Латвия ушбу даврда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга асосий йўналишлардан бири сифатида қарайди.

Андрис Берзиньш Латвия ва АҚШ ҳамкорлигида Ўзбекистон божхона хизматини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа ишга туширилишини айтиб ўтди.

Латвия президенти Афғонистондаги ҳарбий кучлар таъминоти билан шуғулланган Шимолий таъминот тармоғидан истиқболда тижорат мақсадларида фойдаланиш, уни Осиё ва Европани боғлайдиган тармоққа айлантириш мақсади борлигини маълум қилди. У, шунингдек, “Болтиқ Транзит” контейнер поездларини кенгайтириш имкониятини кўриб чиқишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Айни пайтда Латвия Ўзбекистон учун устуворлик берган ҳолда ўз портлари ва иқтисодий зоналаридан фойдаланишни таклиф қилишга тайёрлиги ҳам айтиб ўтилди.

Латвия президенти айни пайтда ўз мамлакати ўзбекистонлик талабалар учун қулай ва сифатли дастурларни тақдим қилишини айтиб ўтди. “Бу йилги ўқув йилида Латвияда 377 нафар ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда, улар хорижлик талабалар сони бўйича учинчи туради. Латвия ўзбекистонлик талабаларга Европа Иттифоқи даражасида таълим имкониятларини тақдим қилиши мумкин”, деди у.