Латвия президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш 2014 йил 27-29 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

ЎзАнинг хабар беришича, ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этадилар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашадилар.

Музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, Ўзбекистон ва Латвия ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатларни имзолаш мўлжалланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ўтган йили 16-17 октябрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди.

ЎзАнинг хабар беришича, Латвия – Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги йирик савдо ҳамкорларидан биридир. Энг кўп қулайлик яратиш тизими самарасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилда қарийб 20 фоиз ўсиб, 246 миллион АҚШ долларидан ошди. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, бу кўрсаткич 126 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистон Латвияга юқори сифатли пахта толаси, мотор мойлари, фармацевтика маҳсулотлари ва бошқа товарлар етказиб беради. Латвия Ўзбекистонга ускуналар, транспорт воситалари, пластмасса экспорт қилади, шунингдек, логистика хизмати кўрсатади.

Латвия президенти Андрис Берзиньш учрашув якунлари юзасидан ОАВ учун баёнот бериб, Ислом Каримов билан музокаралар самарали бўлиб ўтганлигини қайд этган эди.

“Биз Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришини қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу ташкилотга аъзо бўлиб кириш иқтисодиётнинг тараққий этаётганидан дарак беради ва қўшимча инвестиция жалб қилишга хизмат қилади”, деди Латвия президенти.

Латвия президентига кўра, истиқболда Афғонистонга юк етказиб бериш ва олиб чиқиш бўйича тижорий транзитни ривожлантириш имкониятлари бор. Бу Европа ва Осиёни боғлашда айни муддаодир.

“Биз Ўзбекистон ўз маҳсулотлари транзити, шунингдек, товарларини Европа Иттифоқига етказиб бериш учун логистика марказини яратиш учун Латвиянинг бўш портларидан  фойдаланишда устуворликка эга бўлишга чорлаймиз”, деди у.