Украина МДҲни расман тарк этади

Украина МДҲдан расман чиқади. Бу ҳақда Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котибига таяниб “Укринформ” хабар тарқатди. Унинг қайд этишича, Украина нафақат МДҲга раисликни тўхтатади, балки мазкур ташкилотдан расман чиқиш учун тегишли расмий чораларни кўради.

Эслатиб ўтиш керакки, Украина 2014 йил 19 март куни МДҲга раислик қилишдан бош тортиб, Ҳамдўстликдан чиқишини маълум қилган эди. Бу қарор, биринчи ўринда, ташкилотнинг Қрим борасидаги позицияси билан боғлиқдир. Негаки, Ҳамдўстлик Украинанинг ташкилотнинг фавқулодда йиғилишини чақириш бўйича талабига умуман муносабат билдирмаган.

“Агар биз, раислик қилаётган мамлакат сифатида МДҲ ижроқўмига мурожаат қилар эканмиз ва фавқулодда йиғилишни чақиришни сўрар эканмиз, аъзо мамлакатлардан бири бошқасига ҳарбий йўл билан ҳужум қилар экан, ҳеч ким муносабат билдирмас экан, бундай ташкилотдан не наф?”, — деди Украина ташқи ишлар вазири вазифасини бажарарувчи Андрей Дешица.

Ушбу эътирозга Россия ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, бундай йиғилиш бўлиб ўтгани ва фақат Минскда ўтказишга қарор қилинганини қайд этди. Аммо Украина буни Киевда ўтказишни талаб қилган.

Шу йилнинг 20 март куни Украина МДҲ ижроқўмига раисликни тўхтатиб туриш ҳақида нота йўллаган.

Newsru.com’нинг ёзишича, Украина МДҲ уставини ратификация қилмаган. Шундай қилиб, Украина МДҲ асосчиларидан бири бўлса-да, ҳуқуқий жиҳатдан МДҲ аъзоси бўлмаган. Бундан аввалроқ, яъни 2008 йилда МДҲни Грузия тарк этган эди.