МТС шу йилнинг охирига қадар Ўзбекистонга қайтиши мумкин

Россиянинг МТС мобил алоқа оператори Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатдаги фаолиятини қайта йўлга қўйиш борасида деярли келишиб олди. “РИА Новости”га асосланиб хабар беришича, МТС маҳаллий компания – «Ўздунробита»даги ўз улушини Ўзбекистонга топшириши ҳам мумкин.

Kun’нинг ёзишича, бу ҳақда МТСни назорат қилувчи «Система» компанияси раҳбари ва асосий эгаси Владимир Евтушенков журналистларга маълум қилган.

“Биз барча шартларни келишиб олдик, фақат битта шарт қолди. Агар шуни ҳам келиша олсак – шу йили Ўзбекистонга қайтамиз”, – деди Евтушенков Санкт-Петербургда бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форум норасмий суҳбатларида.

Унинг аниқлик киритишича, ҳал қилиниши кутилаётган сўнгги масала частоталар билан боғлиқ. “Бу давлат иштирокидаги компания бўлади, биз эса уни назорат қиламиз”, – дея қайд этган компания раҳбари.

2012 йил июлида МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси – «Ўздунробита» операторининг лицензиялари чақириб олинган эди. Компанияга нисбатан қиймати 600 миллион доллардан ортиқ бўлган даъволар эълон қилинган, оператор раҳбариятига нисбатан эса жиноий иш очилганди. Молиявий даъволарни тўлаш қобилияти йўқлиги сабаб, 2013 йил январида «Ўздунробита» банкрот бўлганини маълум қилганди.

«Биз катта мамнуният билан ушбу мамлакатга қайтамиз. Бу яхши бозор», – дея қайд этди Евтушенков. Бу каби яна такрорланмаслигига кафолат борми қабилидаги саволга, Евтушенов шундай жавоб берди: «Ҳатто суғурта полиси ҳам юз фоизлик кафолат бера олмайди».

МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши борасидаги аниқ саналарни маълум қилмаган Евтушенков бу келишувларга боғлиқ масала эканлигини қайд этиб ўтди.