“НАТОнинг Тошкентда офиси расмий очилиши халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши билан боғлиқ эмас”

Хабарингиз бор, ўтган ҳафта Тошкентда НАТОнинг Марказий Осиё бўйича офиси очилди. Очилиш маросимида НАТО Бош котибининг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, НАТОга аъзо-давлатлар элчилари, Марказий Осиё мамлакатлари элчилари, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари иштирок этишди. Гарчи офис 2013 йилдан бери фаолият юритаётган бўлса-да, унинг расмий очилиш маросими 16 май куни бўлиб ўтган. “Подробно” ахборот агентлиги мухбири НАТО Бош котиби махсус вакили Жеймс Аппатурай билан мулоқот қилди. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этамиз.

—    НАТО офиси нима учун Остонадан Тошкентга кўчирилди?

—  Биз шундай ғояга асосланиб иш тутамизки, НАТО бюроси бир неча йил иш юритгандан сўнг, албатта, ўз жойлашув манзилини ўзгартиради. Биз Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан шерик ҳисобланамиз. Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақадаги энг йирик давлатлар бўлиб, айнан шу давлатларда ўз офисимиз бўлиши мантиқийдир. Тошкентда бизга ҳамма нарса ёқаяпти, ўзимизни уйдагидек ҳис қилаяпмиз. Қолаверса, Тошкент логистика нуқтаи назаридан ҳам қулайдир.

Афғонистондаги НАТО кучларининг тақдири қандай бўлади? У ерда ҳарбий бўлинмалар қоладими, агар қолса, қанча миқдорда?

— Маълумки, шу йилнинг охирида НАТО Афғонистонга ўз миссиясига якун ясайди. Биз ҳозирги кунда ушбу мамлакатдаги миссиямизнинг навбатдаги босқичини ишлаб чиқяпмиз.  Ушбу миссия ҳарбий амалиётларда иштирок этмайди, балки ҳарбий тайёгарлик, консультация хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Уларнинг сони ҳам кўп бўлмайди. Уларнинг сони 8-12 минг атрофида бўлиши кўзда тутилмоқда. Албатта, ҳозирча ҳаммаси аниқ эмас, аммо биз у ерда доимий қолмаймиз, негаки, Афғонистон қуролли кучларининг салоҳияти изчил юксалиб бормоқда.

Тошкентда НАТО расмий бюросининг очилиши альянс ҳарбий кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши билан боғлиқми?

—   Йўқ, бунга мутлақо алоқаси йўқ. Юқорида қайд этганимдек, офисимиз илгари Остонада жойлашган эди. Кейин бир муддат танаффус қилдик, чунки кейинги дислокация учун жой танлаш лозим эди. Ўзбекистон, ўз навбатида, ўз ҳудудида офисни жойлаштиришга розилик билдирди. Биз бундан миннатдормиз. Афғонистондан ҳарбий бўлинмаларнинг олиб чиқиб кетилиши НАТО ушбу минтақадаги ҳамкорлиги тугайди, дегани эмас. Шунчаки, миссияда бироз ўзгариш юз беради. НАТО ва Марказий Осиё фақатгина қандайдир ҳарбий ҳаракат доирасида ҳамкорлик қилмайди, балки сиёсий шериклар ҳисобланади ва шундай бўлиб қолади.

НАТО Ўзбекистон билан қайси йўналишларда ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда?

— Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларини келишиб олганмиз. Ҳарбий ислоҳотлар, хусусан, ҳарбий муассасалар, мудофаа тузилмаларини модернизация қилиш улардан биридир. Бугун мен Ўзбекистон мудофаа вазири билан учрашдим, унда ҳарбий таълим масаласи кўтарилди. Хусусан, биз ҳарбий таълим муассасаларини ҳамда дастурларини модернизация қилишни муҳокама қилдик. Яна бир йўналиш — терроризмга қарши курашишдир. Биз ўз тарафимиздан Ўзбекистон учун ушбу мавзуда курслар таклиф қиламиз. Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистондан бир неча ҳарбий гуруҳлар терроризмга қарши курашиш бўйича НАТО дастурлари ўқувларида қатнашишди.

Айрим манбаларга кўра, НАТО Афғонистондан чиқиб кетгач, айрим ҳарбий техникаларни Марказий Осиё мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистонга бериши мумкин. Буни изоҳлай оласизми?

— Бу саволга жавоб беришим қийин. НАТО ташкилот сифатида у ёки бу ҳарбий техниканинг эгаси ҳисобланмайди. Барча ҳарбий техникалар альянснинг аъзоларига — алоҳида давлатларга тегишли. Агар бундай қарор қабул қилинса, у икки томонлама тартибда амалга оширилади. НАТОнинг ушбу йўналишдаги вазифаси бундай техникаларни тақдим қилиш минтақада хавфсизликни беқарорлаштиришга олиб келмаслигини эслатиб ўтишдир.