Россия Хитойга 400 миллиард долларлик газ етказиб бериш бўйича битим имзолади

Россиянинг “Газпром” ва Хитойнинг CNPC компаниялари Шанхайда газ етказиб бериш бўйича битим имзолади.

Россия Европа Иттифоқи томонидан бўладиган санкцияларнинг хавотир олиб, газ экспорти учун муқобил бозор қидирмоқда, деб хабар беради BBC. Ушбу битимнинг шартлари эълон қилинмаган бўлса-да, унинг умумий қиймати 400 миллиард долларни ташкил қилиши айтилмоқда.

Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, Хитойга экспорт қилинадиган газнинг нархи европалик истеъмолчилар учун мўлжалланган нарх сиёсатига яқин бўлади. Хабарларда айтилишича, битим имзоланганидан сўнг “Газпром” акцияларининг нархи 2 фоизга қимматлашган.

Битимга кўра, Россия Хитойга 2018 йилдан бошлаб йилига 38 миллиард куб метр газ етказиб беради.

“КоммерсантЪ”нинг ёзишича, мазкур битим маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4.00да имзоланган. Бу шартноманинг шу даражада тез имзоланиши ҳам Путин Шанхайдан битимсиз кетмасликка қарор қилганидан далолатдир. “Газпром” компанияси раҳбари А. Миллер битим шартларини “тижорат сири” деб атаган.

BBC’нинг ёзишича, Хитойга ҳам ўз электростанцияларини кўмирдан табиий газга ўтказиш учун ҳам бу битим зарур бўлса-да, лекин Путинга бўлгани каби қисқа муддатларда имзоланиши шарт эмас эди. Чунки Украинада бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг натижалари, қолаверса, мамлакатда танг вазиятнинг сақланиб қолиши Россияга нисбатан санкцияларнинг навбатдаги босқичини бошлаб бериши хавфи ҳам йўқ эмас. Аммо газ экспорти 2018 йилдан бошланишини ҳисобга оладиган бўлса, у ҳозирги инқирозга у даражада катта таъсир кўрсатмайди. Сўнгги маълумотларга кўра, минг метр куб газ 350 АҚШ долларида бўлиши мумкин.

Халқаро кузатувчилар фикрича, мазкур битим Россия ва Хитойнинг Ғарбга қарши позициясини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳамкорлик қилишга имкони борлигини кўрсатади. Россиялик экспертларнинг фикрича, мазкур битим сиёсий бўлгани учун “Газпром” турли имтиёзлар олиши ҳисобига давлат ғазнасига мўлжалланган маблағлар келиб тушмайди.

Ҳозирги кунда Россия ва Хитойда ўзаро товарайирбошлаш ҳажми йилига 90 миллиард долларни ташкил қилади. Хабарларда айтилишича, икки давлат келгуси 10 йилда ушбу миқдорни 200 миллиард долларга етказишни мўлжалламоқда. Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Европа Иттифоқи билан ўзаро товарайирбошлаш ҳажми йилига 400 миллиард доллардан ошади.