Ядровий қуролга расман эга бўлган бешта давлат Марказий Осиёнинг ядродан холи ҳудудлигини тан олди

Дунёнинг расман (де-юри) ядровий қуролга эга бўлган беш мамлакати — АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой ўзларининг ядровий қуролларини Марказий Осиё мамлакатларига қарши ишлатмасликка қарор қилишди. Ушбу келишувни кўзда тутадиган баённома яқин келажакда имзоланиши керак.

The National Journal’нинг ёзишича, ушбу мамлакатлар Марказий осиё давлатларига ядровий қурол билан ҳужум қилмайди ёки таҳдид солмайди, шунингдек, ушбу минтақада ядровий қуролнинг чекланишига оид тақиқларни ҳурмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё ядродан холи ҳудуд деб эълон қилинган бўлиб, ушбу мақсадда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида имзоланган шартнома 2009 йилда кучга кирган бўлса-да, бунга ядровий қуролга эга, деб расман тан олинган мамлакатлар “розилиги” берилмаган эди.

Ушбу мамлакатлар ўртасида имзоланажак баённома кўра, ядровий қуролга эга давлатлар мазкур қуролларнинг ушбу ҳудуддан ташқарида сақланишига розилик билдирди. АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой Африка, Лотин Америкаси ҳамда Кариб ҳавзасида ядродан холи зона эълон қилинганда ҳам худди шундай баённома қабул қилган эди.

Хабарда қайд этилишича, мазкур баённома бўйича келишувга эришгунча беш йилдан ортиқ муддат кетди.