Барак Обама Американи иҳоталамоқчими?

АҚШ Конгрессидаги республикачилар партияси вакиллари Барак Обамани ҳаддан ташқари юмшоқ ташқи сиёсат олиб бораётганида ҳамда дунё муаммоларини ҳал қила олмаётганликда айблашмоқда. West Point ҳарбий академияси битирувчилари олдида чиқиш қилган Барак Обама хорижда ҳарбий куч ишлатиш амалиётидан воз кечиш ҳамда терроризмга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. Республикачилар фикрича, бу АҚШнинг дунёдаги таъсирининг пасайишига олиб келади.

Айрим экспертлар Барак Обаманинг West Point академиясидаги нутқини Оқ уй ташқи сиёсатини яна бир марта оқлаш сифатида, айримлар эса мутлақо янги ташқи сиёсат концепцияси сифатида баҳолашди.

Республикачилар партияси вакиллари сўзларига кўра, президентнинг қаттиқ чоралар кўришни хоҳламаслиги оқибатида Америка дунёдаги таъсирини йўқотмоқда. “Айни пайтда биз Сурия ва Украинада одамларнинг ҳалок бўлишини тинчгина кузатишга мажбур бўляпмиз”, — дейди сенатор Жон Маккейн.

Обаманинг назарида, сўнгги ўн йилда дунё буткул ўзгариб, Оқ уйни Сурия ёки Украинадаги сиёсати учун танқид қилаётганлар эса “тарихни жуда ёмон ўрганишган”. Президентнинг фикрича, турли мамлакатларда муаммоларни ҳарбий йўллар билан ҳал қилиш ўз натижасини бермади. Агар 2001 йил 11 сентябрда АҚШга фақатгина битта террорчилик ташкилоти таҳдид солган бўлса, бугунги кунда бундай ташкилотлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг ўнлаб мамлакатларида пайдо бўлди. Уларнинг қаторига айни пайтда халқаро кибержиноятчилик, иқлим ўзгариши сингари муаммолар ҳам қўшилди. Уларга қарши фақатгина дунё ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштирибгина курашиш мумкин.

Аммо америкаликлар президентнинг бундай қарашига унчалик ҳам қўшилишмаяпти. CBS телеканали сўровига кўра, Оқ уй ташқи сиёсатининг сайловчиларнинг 39 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Барак Обаманинг мамлакат ташқарисидаги фаолиятига аҳолининг 48 фоизи қатъий қаршилик қилмоқда. The Wall Street Journal ва NBC телеканали ўтказган сўровга кўра эса, 47 фоиз америкаликлар Америка “халқаро майдонда фаоллигини сусайтириши” ҳамда ички муаммоларга эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайди.

Республикачиларнинг танқидига қарамасдан экспертлар президент ўз нутқида изоляционизм ва ҳарбий кучни ишлатиш орасида “олтин оралиқ”ни топа олган, деб ҳисоблайди. Аммо президент бу сиёсат қандай амалга оширилишини тушунтириб бера олмаган, холос. Масалан, у Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари чиқиб кетгач вазият қандай бўлиши ҳақидаги саволлар жавоб бермаяпти.

Айрим нашрлар Барак Обаманинг нутқини янги ташқи сиёсат сифатида ҳам баҳолашмоқда. Аммо бу шу йилнинг кузида бўлиб ўтган оралиқ сайловлар олдидан ваъда эканлиги ҳамда умуман янги ташқи сиёсат концепцияси эмаслигини уқтираётганлар ҳам талайгина.