“Ўзбекистон темир йўллари” нефть ортилган вагон-цистерналарни Афғонистонга етказишда қийинчиликларга дуч келмоқда

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўллари компанияси МДҲ темир йўллари орқали Афғонистон учун олиб келинаётган нефть маҳсулотларини етказишда муаммолар бўлаётганини маълум қилди.

Компания расмий сайтининг ёзишича, Афғонистон Ислом Республикаси темир йўллари  тизимининг яхши ривожланмагани катта миқдорда нефть ортилган вагон-цистерналарни ўтказиш имкониятини бермаяпти. Компания матбуот хизматининг хабар беришича, Афғонистондаги нефть қабул қилиб олувчилар ички бозорда нефть маҳсулотлари нархи ошишини кутиб нефть маҳсулотларини вагонларда сақлаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Натижада Ўзбекистон темир йўллари учун транзит ҳисобланган вагонлар станцияларда ҳамда уларнинг ёнларида тўпланиб қолмоқда. Хабарда айтилишича, 5 май ҳолатига Афғонистонга мўлжалланган 783 та цистерна тўпланиб қолган. Бундан ташқари, компания полигонида 421 та цистерна темир йўли бўшашини кутиб турибди. Компанияга кўра, Ўзбекистонга кунига 30 та цистерна кириб келмоқда.

Буларнинг барчаси ҳаракатланиш хавфсизлигини ва маҳсулотларнинг тўлиқ сақланишини таъминлашда жиддий ҳавотирларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, ҳавонинг кескин исиши натижасида нефтнинг буғланиши, цистерналар люкидан тўкилиши, цистерна қозонида босимнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Цистерналар йиғилиб қолган ҳудудларда ёнғин ва портлаш хавфи ортиб бормоқда. Бос устига, матбуот хизматига кўра, компания булар натижасида моддий зиён кўрмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” шулардан келиб чиқиб, вазият ўнгланмагунича Афғонистон учун мўлжалланган нефть маҳсулотлари ортилган вагонлар оқимини қисқартириш бўйича чоралар кўришга қарор қилган.