Путин жанубий-шарқий Украинада референдумни кейинроқ ўтказишга чақирди

Россия президенти Владимир Путин 7 май, сешанба куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раҳбари, Швейцария президенти Дидье Буркхальтер билан Украина масаласида мулоқот олиб борди. “РИА Новости”нинг хабар беришича, томонлар Украинада юзага келган инқирозни бартараф этиш чораларини муҳокама қилган.

Владимир Путин Украинада миллий мулоқот зарурлигини, бунинг учун зўравонликни тўхтатиш мажбурий шарт бўлиши лозимлигини қайд этди. “Биз Киев ҳукумати ва Украина жануби-шарқидаги ҳудудлар тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиши инқирозни бартараф этишнинг асосий омили, деб ҳисоблаймиз”, деди у.

Путин расмий Киев мамлакат жанубий ва шарқий ҳудудларида “ҳарбий ва жазо амалиётларини зудлик билан тўхтатиши керак”лигини айтди. Унинг фикрича, ички сиёсий муаммони бундай йўл билан ҳал қилиш барча баҳсларни ҳал қилишнинг ишончи воситаси эмас.

Дидье Буркхальтер, ўз навбатида, Женева битими иштирокчилари аҳолини қўрқитишга қаратилган хатти-ҳаракатларни кескин қоралашлари лозимлигини қайд этиб, зўравонликка барҳам бериш кераклигини айтди.

Владимир Путин, шунингдек, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларида шу йилнинг 11 май кунига мўлжалланган референдумлар муддатини кейинроқ муддатга қолдиришга чақирган. “Биз Украина жануби-шарқий ҳудудлари вакиллари — федерация тарафдорларидан жорий йилнинг 11 май кунига мўлжалланган референдумни ўзаро мулоқот учун қулай шароит яратиш мақсадида кейинроқ муддатга кўчиришни сўраймиз”, — деди у.

Путин пайтда шу йилнинг 25 май кунига мўлжалланган президентлик сайловларини қўллаб-қувватлаб, жанубий-шарқий Украина аҳолиси сайловлардан сўнг унутилмаслиги лозимлигини қайд этди. Россия раҳбари Украинадаги вазиятга Россиянинг алоқаси йўқлигини, Ғарбнинг бу борадаги айбловини асоссиз, деб баҳолади.

Хабарларга кўра, ЕХҲТ шу бугуннинг ўзидаёқ Россия, АҚШ, ЕИ ва Украинага мамлакатдаги инқирозни ҳал қилиш бўйича ўзининг “йўл харитаси”ни тақдим қилади. Ушбу режа, авваламбор, зўравонликка барҳам беришни, мулоқотни йўлга қўйишни ҳамда сайловларни ўтказишни кўзда тутади.