Меркель ҳукуматига Россияга қарши санкциялар боис немис компанияларидан телефон қўнғироқлари тинмаяпти

Германия АҚШ томонидан таклиф қилинаётган Россияга нисбатан кенг миқёсли иқтисодий санкцияларни кучайтириш ташаббусни қўллаб-қувватламоқчи эмас. The Wall Street Journal газетаси сайтининг ёзишича, бунга немис тадбиркорларининг ҳавотирлари сабаб бўлган.

Нашрнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, охирги пайтлар Германиянинг йирик компаниялари, чунончи, кимёвий гигант BASF ва Siemens, Volkswagen, Adidas Deutche Bank  сингари дунё компаниялари ўзларининг оммавий чиқишларида Россияга қарши кенг иқтисодий санкцияларга қарши эканлигини яққол маълум қилишди.

Хабарда айтилишича, Украинадаги инқирознинг чуқурлашиши билан Германия расмий шахсларига немис корпорациялари раҳбарларидан жуда кўплаб телефон қўнғироқлари бўла бошлаган. Улар ўз компанияларининг Россиядаги манфаатларига зиён етказадиган қадамларни ташламасликни талаб қилган.

Ангела Меркель немис тадбиркорларининг ҳавотирларини Вашингтонда яқинда бўладиган учрашувда Барак Обамага етказмоқчи. Германиянинг бундай сиёсатини Италия ва Греция ҳам қўллаб-қувватлайди. Негаки, улар санкциялар ўз иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишидан ҳавотир олмоқда.

Шуни қайд этиш керакки, Оқ уй ўз иттифоқдошлари билан музокараларда Украинадаги вазият чуқурлашса ҳамда кенгайиб кетса, Россия иқтисодиётининг бутун бошли тармоқларига санкция жорий қилишга ундамоқда.

The Wall Street Journal газетаси ёзишича, Вашингтоннинг яна бир қатор яқин иттифоқдошлари, чунончи, Япония, Миср, Исроил ҳам Барак Обама маъмуриятини Россия раҳбарияти ва Ғарб мамлакатлари ўртасида муносабатларни бутунлай узиб юборадиган қадамлардан тийилишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ғарб мамлакатлари томонидан Россиянинг бир қатор мансабдор шахслари  ҳамда компанияларига нисбатан виза ва мулкини музлатиб қўйиш бўйича чоралар қўлланилган.