Украинанинг шарқий ҳудудларида бўлиб ўтган референдумлар қонунийми?

Маълумки, шу йилнинг 11 май куни Украина шарқий ҳудудларида — Донецк ва Луганск вилоятларида ҳудудларнинг ўзини ўзи бошқариш мақоми бўйича референдумлар бўлиб ўтди. Жами сайловчилардан 75 фоизи қатнашган мазкур овоз бериш жараёнида иштирокчиларнинг қарийб 90 фоизи ҳудуд мустақиллигини қўллаб-қувватлади. Луганскда эса 81 фоиз сайловчилар референдумда ҳозир бўлиб, уларнинг қарийб 96 фоизи ҳудуд мустақиллигини қўллаб-қувватлаган.

Шуни қайд этиш керакки, референдум натижасини Ғарб мамлакатлари тан олмаслигини қайд этди. Россия ҳам ҳозирги вазиятда ушбу ҳудудлар вакилларининг хоҳишларини ҳурмат қилишини айтиб, вазиятга охирги сўзини айтганича йўқ.

Аммо кўпчиликда ушбу референдумни тўғри ва қонуний деб баҳолаш ҳамда бу ушбу ҳудудлар аҳолисининг хоҳиш-истаги деган қарашлар шаклланмоқда.

Украина унитар давлат ҳисоблангани учун бундай референдумни қонуний деб бўлмайди. Боисики, бундай давлат қонунчилигида референдумлар умуммиллий миқёсда ўтказилади, яъни бутун Украина халқи референдумга чиқиб, бу ҳудудларга эркинлик бериш масаласини кўриб чиқиши лозим. Албатта, Қримда ўтказилган референдумни кўпчилик мисол тариқасида келтириши мумкин. Қрим автоном ҳудуд сифатида референдум ўтказишга ҳақли эди. (Албатта, бу референдумга ҳам халқаро ҳуқуқ назаридан кўплаб саволлар бор)

Шу билан бирга, референдум қарийб фавқулодда бир шароитда ўтди. Яъни ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган, марказда умуммиллий ҳукумат ва ҳокимият шакллантирилмаган бир вазиятда ўтказилди. Бундай ҳолатларда референдумнинг қонунийлигини баҳолаш жуда қийин бўлади. Қолаверса, референдум учун бир қатор омиллар зарур бўлади: халқаро кузатувчилар, сайловчилар рўйхати, аҳоли пунктларида сайлов участкалари тузилиши керак. Аммо оммавий ахборот воситалари материалларидан шундай хулоса қилиш мумкинки, референдум учун етарлича тайёргарлик бўлмаган.

Масаланинг яна бир жиҳати ҳам бор. Референдумлар Киевда ҳокимиятга келган кучларга нисбатан шарқий ҳудудларда бирмунча антипатия кучли эканлигини кўрсатди. Буни референдумдаги навбат туришлар, аҳолининг катта қизиқиш билан сайлов участкаларига боргани ҳам тасдиқлайди. Яъни референдум ушбу ҳудудлардаги аҳолининг кайфияти ва Киевга ишончсизлиги барометридир. Буни ҳатто Ғарб оммавий ахборот воситалари ҳам алоҳида қайд этиб ўтишди.

Хусусан, The New York Times ёзишича, референдум шуни кўрсатдики, Россияпараст сепаратистларни айрим минтақаларда аҳолининг катта қисми қўллаб-қувватлайди. Аммо улар бу қўллаб-қувватловнинг ишончли тамойили бўла олмади. Сайлов участкаларидаги узундан-узун навбат туришлар сайловчилар иштирокининг юқори даражада эканиданми ё овоз бериш учун участкаларнинг камлигидан далолат эдими, буни аниқлаб бўлмади.

The Daily Telegraph эса сайловчиларнинг самимийлигига эътибор қаратади. “….Шундай бўлса-да, овоз берувчиларнинг ҳиссиёти аниқ-равшан ҳамда самимий эди. Донецкнинг аксарият аҳолиси февралдаги инқилоб нтижасида мамлакатда ҳокимиятни “фашист”лар эгаллаб олган деб ишонади. Уларнинг фикрича, ушбу фашистлардан фақатгина мустақиллик ва Россия ҳимояси асраб-авайлайди”, — деб ёзади газета.

Албатта, референдум ноқонуний бўлса-да, янги Киев ҳукумати ва халқаро ҳамжамият, айниқса, Ғарб мамлакатлари шарқий ҳудудлар аҳолисининг хоҳиш-истакларини инобатга олиши, умуммиллий мулоқот олиб бориши ҳамда ушбу минтақадаги аҳоли учун кафолат бериши керак. Йўқса, воқеалар ривожи тинч ва ҳуқуқий чоралардан (аллақачон бузилган) куч ишлатишга, ноқонуний ҳарбий гуруҳлар ва мафияларнинг илдиз отишига, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига олиб келади. Ҳозирча асосий вазифа барибир имкон қадар тезроқ умуммиллий мулоқотни бошлаш, шарқий ҳудуд аҳолисининг ишончини қозониш талаб қилинади.

Мурод ҒОФУРОВ.