Тошкентда Украина фуқаролари овоз беришлари мумкин

Бугун Украинада муддатидан аввал президентлик сайловлари олдидан сайловолди ташвиқоти ўтказилмайдиган “сукут” сақланадиган кун ҳисобланади. Шанба куни соат 00.00дан бошлаб ҳар қандай ташвиқот тақиқланган. Коммунал хизмат вакиллари эса жамоат жойларида бундан аввал ёпиштирилган ташвиқот материалларини олиб ташлайди.

Шуни қайд этиш керакки, президентлик сайловларига ҳозирлик кўриш мамлакатнинг жанубий ва шарқий ҳудудларида оғир кечмоқда. Чунки бу ҳудудларда асосий маъмурий биноларни эгаллаб турган айирмачилар сайловни ўтказмаслигини маълум қилган.

Бундан ташқари, ушбу ҳудудларда, расмий Киевнинг таъбири билан айтганда, “террорга қарши амалиёт олиб борилмоқда”. Мамлакат хавфсизлик хизмати бошлиғи Валентин Наливайченконинг айтишича, сайловлар куни ҳарбий амалиёт ўтказилмайди.

Муддатидан аввал ўтказилаётган президентлик сайловларида Қрим аҳолиси иштирок этмайди. Ушбу ярим оролдаги Украина фуқаролари эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларида овоз беришлари мумкин.

Украина марказий сайлов комиссиясига кўра, мамлакатда 35,5 миллион нафар сайловчи бўлиб, уларнинг 1,77 миллион нафари Луганскда, 3,3 миллион Донецкда истиқомат қилади.

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам Украина фуқаролари учун сайлов участкаси ташкил этган бўлиб, элчихонанинг консуллик бўлимида рўйхатдан ўтган фуқаролар сайловларда иштирок этиши мумкин.

Россия Президенти Владимир Путин жума куни Украина халқининг хоҳиш-иродасини ҳурмат қилишини ҳамда янги сайланган президент билан ишлашини айтди. “Биз украин халқининг танловига ҳурмат билан қараймиз, албатта, вазият қандай ривожланишини кузатиб борамиз”, — деди у.

Украина ташқи ишлар вазирлиги Путиннинг баёнотини ижобий қабул қилди.