Ислом Каримов: “Украинада юзага келган вазият чуқур тарихий ришталарга эга халқлар учун ғайритабийдир”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Латвия президенти Андрис Берзиньш билан музокаралар натижаларига бағишланган брифингда Украинадаги воқеаларга ўз муносабатини билдириб ўтди. Бу ҳақда 12news.uz хабар тарқатди.

Ўзбекистон раҳбарининг айтишича, томонлар ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлаш, тангликни юмшатиш, вазиятни издан чиқарадиган омилларни бартараф этиш, халқаро муносабатлардаги можароли вазиятлар бўйича ўткир муаммолар юзасидан фикр алмашган.

Президент Украинада юзага келган вазият юзасидан ўз хавотирини қайд этиб, ушбу ҳолат тўсатдан пайдо бўлиб қолди, деган қарашларга қўшилмаслигини айтиб ўтди.

“Бу можаро гўёки тўсатдан пайдо бўлгандек, кўпчилик учун кутилмаган бўлса-да, мантиқ шуни кўрсатаяптики, бу можаро тасодифан юз бергани йўқ”, — деди Ислом Каримов. Балки бу муаммолар Украинада бугун, кеча ёки ўтган куни пайдо бўлмаган жиддий англашмовчиликлар, жиддий муаммолар маҳсулидир.

Ислом Каримовнинг фикрича, айнан мана шу муаммолар шундай портлашни ҳосил қилдики, улар жиддий хавотир уйғотади. Боз устига ушбу можарога йирик мамлакатлар аралашиб қолган. Қарийб бутундунё зиддият бундай кенг кўлам касб этганидан хавотирга тушмоқда. Бу қанча узоқда жойлашмасин барчани ташвишга солмоқда.

“Биз ушбу барча муаммоларни ҳал қилишнинг ягона йўли — сиёсий, тинч йўли тарафдоримиз”, — деди Ислом Каримов.

Президент Ўзбекистон бундан аввалроқ БМТ Низоми асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда “юзага келадиган халқаро баҳсларни тинч воситалар билан ҳал этиш, халқаро муносабатларда ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёхуд сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллашдан тийилиш” борасидаги позицияси қатъий ва ўзгармаслигини билдирганини айтиб ўтди.

Президент юзага келган вазиятни чуқур тарихий ва маънавий ришталарга эга халқлар учун ғайритабиий, деб атади. Ўзбекистон имкон қадар тезроқ музокаралар жараёнини ўтказилиши заруратига урғу бермоқда. “Томонлар ўртасида музокаралар, айниқса, тўғридан-тўғри мулоқот жараёни қанчалик тез бошланса, шунчалик тез ушбу муаммолар ечим топади. Қанчалик ушбу музокаралар орқага ташланар экан, қанчалик ушбу танг вазият кенгайтирилар экан, музокара столига ўтириш шунча қийинлашади, умумий ёндашувни топиш шунча оғирлашади”, деди Ислом Каримов.

Ислом Каримов Украина бўлиб ўтган президентлик сайловларини мамлакатдаги вазият учун ўзига хос хусусиятни кўрсатади, деди. Унинг фикрича, энг муҳими, сайловлар шуни кўрсатдики, аксарият сайловчилар тинчлик, хотиржамлик ва Украина яхлитлигини қўллаб-қувватламоқда.

Президентнинг сўзларига кўра, Россия раҳбариятининг музокаралар столига ўтиришга тайёрлиги ҳақидаги баёноти жуда кўп мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам ижобий кутиб олинган.