Фан ва технология соҳасида ҳамкорлик бўйича Америка — Ўзбекистон комиссиясининг илк учрашуви бўлиб ўтди

Шу йилнинг 5-7 май кунлари Тошкентда Фан ва технология соҳасида ҳамкорлик бўйича Америка—Ўзбекистон комиссиясининг илк учрашуви  бўлиб ўтди. АҚШ элчихонасининг хабар қилишича, мазкур тадбир АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов томонидан 2010 йилда имзоланган  фан ва технология соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида бўлиб ўтди.

Учрашувда қатнашиш учун 30 га яқин америкалик олимлар, олий ўқув юртлари илмий ходимлари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ташриф буюришган. Ўзбекистон тарафидан 60 нафар олим иштирок этган.

Мазкур учрашув доирасида томонлар қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергия ҳамда илмий тиббиёт йўналишида ўзаро келишилган ҳолда ҳамкорликнинг икки йиллик режасини ишлаб чиқишни мақсад қилган. Тадбир иштирокчиларига кўра, бу борада етарлича ишлар қилинган.

Қўшма комиссия йиғилиши доирасида иштирокчилар Ўзбекистоннинг бир қатор илмий ишлаб чиқариш муассасаларига ташриф буюришди.