Ўзбекистон навбатдаги шамол энергияси станциясини барпо этади

“Ўзбекэнергия” давлат акциядорлик компанияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 750 кВт қувватига эга бўлган янги шамол станциясини барпо этади. Шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича мазкур корхонани хитойлик мутахассислар барпо этади. Хабарда айтилишича, уни бунёд этишга 1,8 миллион доллар сарфланади ҳамда Пекин олтин шамол илмий технологиялар компанияси тегишли технологиялар билан таъминлайди.

Энергия ишлаб чиқариш қуввати 750 кВ бўлган мазкур конструкциянинг баландлиги 65 метр бўлиб, жами 112 тоннани ташкил қилади.

“Тренд” ахборот агентлигининг ёзишича, шамол энергияси Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун энди-энди йўлга қўйилаётган тармоқ бўлиб, агар у тўлиқ ўзлаштириладиган бўлса, 2,3 миллион киловатт-соат қувватни ташкил қилади ҳамда йилига 700 минг куб метр газни тежаб қолиш имкониятини беради.

Хабарларда айтилишича, Ўзбекистоннинг газ ва кўмир захиралари кейинги 20-30 йилгагина етади. Бугунги мамлакатда электр энергиясининг 97 фоизи газ, 2,3 фоизи эса кўмир, 0,7 фоизи гидроиншоотлар ҳисобига ишлаб чиқарилади. Айни пайтда Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия қуввати 51 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг бўлса, техник имконияти 179,8 миллион тонна нефть эквивалентига тенгдир.

Ўзбекистонда илк шамол станцияси 2010 йилда Жанубий Корея компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган бўлиб, унинг қуввати 750 кВтни ташкил қилади.

Умуман, “Ўзбекэнерго” умумий қуввати 100 мВт бўлган 250 миллион долларлик шамол энергияси парки лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Агар ушбу лойиҳа амалга ошадиган бўлса, 170 миллион киловат-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Экспертларнинг ҳисоб-китобича, Ўзбекистонда шамол энергетикасининг қуввати 2,2 миллион тонна нефть эквивалентига тенгдир.