Ўзбекистонда қарийб 70 минг кишига амнистияга тушган

Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия акти 69 минг 497 нафар шахсга нисбатан татбиқ этилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 апрелига қадар амнистия акти татбиқ этилганларнинг 43 минг 82 нафари жиноий жавобгарлик ва жазодан, шу жумладан 3 минг 237 нафари озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларидан ва тергов ҳибсхоналаридан озод қилинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги мажлисида амнистия актини татбиқ этиш йўналишида йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқид остига олиниб, бундай ҳолатларга йўл қўйган вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг тушунтириш ва изоҳлари эшитилган.

Вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, тегишли тармоқ раҳбарлари, шунингдек Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи зиммасига амнистия қарорлари қонунлар ижроси устидан таъсирчан назоратни таъминлашда масъулиятни янада ошириш юзасидан қатъий вазифалар юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг ўтган йил декабрдаги қарори билан амнистия эълон қилинган эди.