Apple компанияси ўз маҳсулотлари учун олтинни Ўзбекистондан харид қилган

Apple компанияси Ўзбекистондан олтин сотиб олган. Daryo.Uz интернет нашрининг хабар беришича, компания Ўзбекистон олтинини ўзининг мобил қурилмалари ва компьютерлари учун ишлатишни режалаштирган.

Бу ҳақда Apple’нинг АҚШ қимматбаҳо қоғозлари ва биржалари бўйича комиссиясининг металлардан хомашё етказиб берувчилар ҳақида биринчи ҳисоботида маълум қилинган.

Ҳисоботда Apple ўзининг iPhone, iPad, Маc, iPod, Apple TV, дисплей ва аксессуарлари учун металларни қаердан сотиб олиши кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда компаниянинг Ўзбекистон заводлари билан ҳамкорлик қилиши қайд этилган.

Мобиль ва бошқа қурилмалардаги контакт (электр симларини уловчи қисм)ларни қоплашда қўлланиладиган олтин Ўзбекистонда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва Навоий кон-металлургия комбинатидан харид қилинган.

Ҳужжатда, шунингдек олтин ва бошқа металларни сотувчи қолган давлатлар ҳам кўрсатилган.

Ҳисоботга кўра, 2013 йилда Apple’га металл хомашёси етказиб берган заводларнинг тўртдан бир қисми Хитойда, 26 таси Индонезияда, 24 таси Японияда, 17 таси АҚШда, 11 таси Россияда, 2таси Ўзбекистонда ва қолганлари бошқа мамлакатларда жойлашган.