Ўзбекистонда чиллада ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши кутилмоқда

Шу йилнинг 22 июнь қуёш соат 04.50 да чиқиб, соат 20.00 да уфққа бош қўйди. Кун узунлиги 15 соату 10 дақиқани ташкил этади. Шундан сўнг кунлар қисқариб, тунлар узая бошлайди. Бу Ўзбекистонда саратон кирганидан далолатдир.

“Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, саратон ҳижрий-шамсий йил тақвимининг тўртинчи ойи ҳисобланиб, 22 июндан 22 июлгача бўлган даврни ўз ичига олади. У табиатига кўра, иссиқ ва қуруқ келади. Сабаби, бу пайтга келиб, қуёш шимолий ярим шарнинг энг юқори нуқтасига кўтарилиб, заминни беаёв қиздиради. Ёз чилласи айни шу ойда кириши бунинг яққол далилидир. У саратоннинг учинчи куни, яъни 25 июндан дохил бўлиб, 5 августгача давом этади.

Газетада қайд этилишча, саратон тиғи жуда ўткир. Айниқса, офтоб тик кўтарилган паллада унинг тафтига ҳеч ким дош беролмайди: тирик жон борки, ўзини соя-салқин жойга олади. Йўқса, зумда офтоб уруши ёки терини куйдириши ҳеч гап эмас. Шундай бўлса-да, унинг инсон организмига фойдали жиҳатлари ҳам етарли. Масалан, саратон офтобида чиниққан одам қиш совуқларига чидамли бўлади. Синган суяклар битиб, баъзи касалликларнинг асорати чиқиб кетади.

“Ўзгидеромет” маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати чиллада 44 даражагача чиқиши мумкин.