Париж суди Швейцария компанияси даъвоси бўйича ишни Ўзбекистон фойдасига ҳал қилди

Ўзбекистон Франция судида Швейцариянинг Romak S.A компанияси даъво аризаси бўйича ишда ғалаба қозонди. “Народное слово” газетасининг ёзишича, мазкур компания суд ижрочилари орқали Ўзбекистон Республикасининг ҳисоб-рақамини музлатишга ҳаракат қилган.

Давлат БМТ Устави, БМТ Давлатлар ва уларнинг мулклари ҳуқуқий дахлсизлиги тўғрисидаги конвенцияси ва бошқа ҳужжатларда давлатнинг дахлсизлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу халқаро ҳужжатлар талабларидан келиб чиқиб барча мамлакатлар миллий қонунчилигида ҳамма давлатлар, чунончи, Ўзбекистон бошқа давлатлар судлари юрисдикцияси ва мажбурий характерга эга ижро чораларидан дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Хабарда айтилишича, 2008 йили Парижда давлатдан алоҳида бўлган “Ўздон” компанияси мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси мулкидан ундириш юзасидан мурожаат келиб тушади. Ижро иши Швейцариянинг Romak S.A компанияси аризаси бўйича қўзғатилган.

Маълум бўлишича, 90-йилларда Romak S.A компанияси “Ўздон” ва Қозоғистоннинг “Одил” фирмаси билан ғалла етказиб бериш бўйича учтомонлама шартнома имзолайди. Мазкур шартномага биноан, “Одил” фирмаси бошқа шартнома бўйича “Ўздон” компанияси олдидаги қарз ҳисобидан етказиб бериладиган маҳсулотга ҳақ тўлаши керак бўлган. Аммо Қозоғистон фирмаси белгиланган суммани тўламайди, шундан сўнг “Ўздон” ва Romak S.A ўртасида келишмовчилик келиб чиқади.

“Ўздон” компаниясидан тўлов бўйича рад жавобини олгач, Romak S.A Лондондаги Халқаро ғалла ва ем ассоциацияси арбитраж судида “Ўздон”га нисбатан арбитраж ишини очади.

Хабарда айтилишича, 90-йилларда Ўзбекистон фирмалари арбитраж судлари ҳақида тузук тасаввурга эга бўлмагани боис бу ишга жиддий эътибор қаратишмайди ва тегишли далилларни тақдим қилмайди. Натижада халқаро арбитраж суд Romak S.A фойдасига ишни ҳал қилади.

Швейцария компанияси мазкур арбитраж суди қарорини Париж шаҳар судига Нью-Йорк конвенцияси бўйича тан олиш ҳамда ижро этиш учун тақдим қилади. Париж суди арбитраж қарорини тан олади ва уни Франция ҳудудида ижро қилиш бўйича ҳукм чиқаради.

Халқаро ҳуқуқга кўра, арбитраж қарори кўнгилли равишда ёки ҳукм чиқарилган шахснинг мулкига нисбатан мажбурий амалга оширилади.  Шунга қарамасдан Romak S.A мазкур арбитраж қарорини Ўзбекистон Республикаси мулкига нисбатан амалга ошириш талабини илгари суради. Romak S.A аризаси бўйича, Ўзбекистон Республикасининг HSBC банкида очилган ҳисоб-рақами ҳибсга олинади.

Суд ижрочисининг мазкур ҳаракати Ўзбекистон Республикаси томонидан биринчи инстанция судига шикоят қилинган. Суриштирув даврида Ўзбекистон тарафи Швейцария компаниясининг даъвоси халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келмаслиги, “Ўздон” давлат ва ҳукуматдан алоҳида институт эканлиги исботлаб берилган.

Қолаверса, Париж суди қарори билан музлатилган ҳисоб-рақами Ўзбекистон Республикаси номига аэронавигация хизматлари тўловлари учун очилган. Шулардан келиб чиқиб суд 2011 йил 18 март куни Париж шаҳридаги биринчи инстанция суди Ўзбекистон Республикасининг позициясини тасдиқлайди ва давлат ундан мустақил компаниялар учун мажбуриятни бўйнига олмаслиги тўғрисида ҳукм чиқаради. Парижнинг апелляция ва кассация судлари ҳам ушбу ҳукмни ўз кучида қолдиради.

Материалда Швейцария компаниясининг Ўзбекистонга қарши қанча миқдорда маблағ талаб қилгани ҳақида маълумотлар берилмаган.