Ўзбекистонда 100 га яқин божхона ходими қўлга олинди

Ўзбекистонда Давлат божхона қўмитаси турли бўлинмаларининг 100 га яқин ходимлари эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ўзбекистондаги мустақил “Podrobno” ахборот агентлигининг хабар қилишича, коррупцияга қарши курашиш амалиёти доирасида Давлат божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг икки нафар ўринбосари ҳам ҳибсга олинган.

Хабарда айтилишича, мазкур амалиёт Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати бўлинмалари томонидан мамлакат ҳудудига контрабанда маҳсулотларининг тўсиқсиз кириб келишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

Расмий статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2013 йилда 9,4 фоизга ўсиб, 28,8 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Айни пайтда импортнинг улуши 7,7 фоизга ўсиб, 13,8 миллиард долларга етди.

Импорт таркибида истеъмол товарларини қонуний мамлакатга олиб кириш 1,4 бараварга ўсиб, 418,3 миллион долларга етди. Бу импорт умумий ҳажмининг 2 фоизини ташкил қилади.