Афғонистон мустақил сайлов комиссияси раиси истеъфога чиқди

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси раиси Зиё ул-Ҳақ Амарҳил яқинда бўлиб ўтган президентлик сайлови овозларини санаш жараёнида келиб чиққан сиёсий инқирознинг олдини олиш мақсадида истеъфога чиққан. 23 июнь — душанба куни оммавий ахборот воситалари учун чиқиш қилган Зиё ул-Ҳақ Амарҳаил сайлов натижаларини қалбакилаштиргани ҳақидаги айбловларни рад этиб, “мамлакат манфаати учун” истеъфога чиқаётганини маълум қилган.

The Associated Press’нинг хабар беришича, президентликка номзодлардан бири Абдулла Абдулланинг сайлов штаби сайлов бюллетенларини оммавий қалбакилаштириш ҳамда бошқа суиистеъмолликларни қайд этган. Шу муносабат билан у сайлов комиссияси билан ҳамкорликдан воз кечиб, комиссия раисининг ишдан кетишини талаб қилаётган эди. Айни пайтда Мустақил сайлов комиссияси раиси Абдулла Абдуллани комиссия билан ҳамкорликни тиклашга ҳамда комиссиянинг қарорини ҳурмат қилиш бўйича имзолаган ҳужжатга риоя этишга чақирди.

“Шуни айтишни истардимки, мени ҳеч ким истеъфога чиқишга мажбурламади. Истеъфога ягона сабаб мамлакатимизнинг миллий манфаати бўлиб, шундай қилиб энди доктор Абдулла ўз бойкотини тўхтатиши ҳамда… комиссия билан сайлов кампаниясининг илк кунидан имзолаган кодексни ҳурмат қилиши керак”, — деди Зиё ул-Ҳақ Амарҳил.

Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай сайлов инқирозини ҳал қилишда БМТни воситачилик қилишга чақирди. БМТнинг Афғонистондаги миссияси ҳар қандай кўмакка тайёрлигини билдирган. Абдулла Абдулланинг рақиби Ашраф Ғани воизи ушбу вазият юзасидан баёнот бериб, томонларни босиқликка ҳамда сайлов натижаларини кутишга чақирди.

Мустақил сайлов комиссиясига кўра, президентлик сайловининг иккинчи тури дастлабки натижалари 2 июль куни, якуний натижалари эса 23 июлда эълон қилиниши ҳамда янги президент 2 август куни қасамёд қабул қилиши керак.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳукумат турли миллий ва диний зиддиятларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатда ижтимоий тармоқларни вақтинча тақиқлаб қўйиши мумкин.