Нуқтаи назар: Евроосиё иқтисодий иттифоқи иқтисодий ташкилотми ё сиёсий?

Май ойининг охирида Россия, Қозоғистон ва Беларус Евроосиё иқтисодий иттифоқини тузиш ҳақидаги шартномани имзолади. Қозоғистон президентининг айтишича, мазкур 1000 бетлик битим 2015 йилнинг 1 январидан кучга кириши кутилмоқда. Россия президенти Владимир Путиннинг қайд этишича, дунё аренасида Жаҳон савдо ташкилоти принциплари асосида ишлайдиган янги иқтисодий ташкилот пайдо бўлмоқда. Унинг фикрича, айрим ваколатларнинг Иттифоқ миллий органларига берилиши давлатларнинг суверенитетига дахл қилмайди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур иқтисодий тузилма халқаро ҳамжамият, шу жумладан, минтақа мамлакатлари томонидан турлича кутиб олинди. Ушбу иттифоқнинг келажаги, долзарблиги хусусида турли фикрлар билдирилмоқда, Россиянинг ўз таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган ҳаракати сифатида турли хавотирлар ҳам билдирилмоқда.

Албатта, ҳар қандай интеграция жараёнлари ижобий тенденция бўлиб, у мамлакатлар тараққиётига, аъзо-давлатлар аҳолиси фаровонлигига хизмат қилади.

Россия учун жамоавий протекционизм

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида сўз борганда унинг нечоғли табиий интеграция жараёни экани, иқтисодий мақсадлар ўрнига сиёсий ният бош мавзуга айланмаяптими, деган саволларга жавоб бериш керак бўлади. Москва давлат халқаро муносабатлар институти Евроосиё клуби раҳбари Юрий Кофнернинг ёзишича, ушбу тузилмадан Россия, албатта, ютади. Бунда аввало Россия стратегик аҳамиятга эга бўлган хом ашёларга эга бўлса, айни пайтда арзон меҳнат кучи ҳамда катта истеъмол бозори ҳам унга фойда келтиради. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россияда меҳнат мигрантларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8-10 фоизни ташкил қилмоқда.

Шундай бўлса-да, бир қатор россиялик иқтисодчилар Евроосиё иқтисодий иттифоқи Путиннинг сиёсий амбициялари доирасида илгари сурилаётган ғоя бўлиб, Россия бюджетига катта зарар келтиради, деб ҳисобланади. Гап шундаки, Белорусь Россиядан бож тўловисиз нефть импорт қилади. Мабодо Белорусь ушбу нефтни қайта ишлаб, учинчи мамлакатга экспорт қилса, унга қўйилган давлат божини Россияга қайтариб беради. Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ушбу чегирма эрта-бир кун ўз кучини йўқотса, Россия молия вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, бундан Россия бюджети ҳар йили 30 миллиард доллар маблағдан қуруқ қолади.

Қозоғистон, экспертларнинг фикрича, ушбу иқтисодий интеграция жараёнидан ҳали-бери фойда кўрмайдиган давлатлардан бири ҳисобланади. Ушбу иттифоқни ташкил қилиш бўйича музокаралар жараёнида Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг норозилигини бир неча маротаба қайд этиб ўтган эди. Негаки, Қозоғистон Божхона иттифоқига аъзо бўлиб киргач, мамлакат савдо балансида номутаносиблик янада кучайди. Масалан, мамлакат экспорти 4,7 миллиард долларга қисқарган бўлса, импорт ҳадми 17 миллиард долларга ошиб кетди. Қозоғистон президентининг фикрича, Россия энергия бозорига кириш имкониятининг чеклангани, қолаверса, Россия газ инфратузилмаси орқали Европага газ экспорт қилишни хоҳлаётган бўлса-да, Россия бунга ҳали-бери кўнадиган эмас.

Умуман, ҳар қандай интеграциянинг моҳиятида иқтисодий омиллар ётар экан, ҳар бир аъзо-давлат ўз манфаатларини имкон қадар илгари суриши табиий ҳол. Аммо Евроосиё иқтисодий иттифоқи замирида бошқа бир жиҳатлар ҳам яққол кўзга ташланадики, улар алал-оқибат бу ташкилотнинг кўпроқ сиёсий мақсадларни кўзлаши намоён бўлади. Аввало, Россиянинг собиқ СССРни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлари (албатта, буни очиқчасига намоён қилаётгани йўқ), қўшни мамлакатларга нисбатан катта оғалиқ сиёсати ушбу ташкилотнинг асоси бўлиши мумкин бўлган энг муҳим омил — ишончни таҳдид остида қолдиради. Айнан шунинг учун ҳам Иттифоқнинг миллий давлатлардан устун турадиган институтлари шакллантирилмади. Чунки аъзо-давлатлар (Қозоғистон ва Белорусь) ўзларини ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳис қила олмайди.

Иккинчидан, бу ташкилот иқтисодиёт ва бозор қонуниятлари асосида ривожланиши ҳамда қарорлар истиқбол нуқтаи назаридан қабул қилиниши керак. Россиянинг ушбу ташкилотга аъзо бўлишни истаётганларга ўз “чўнтаги”дан катта миқдорда маблағ ажратишга тайёр эканлиги ҳам бу тузилманинг бозор қонуниятлари бўйича ривожланишини савол остига олади. Гап шундаки, Россия ҳар қандай шароитда ўз бюджетига зарар келтириб бўлса-да, иттифоқдан восита сифатида фойдаланишга уринади.

Учинчидан, ҳар қандай иқтисодий интеграция жараёнлари қўшни мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиши керак бўлади. Яъни ҳар қандай битим қўшни битимлар учун жозибали бўлиб кўриниши керак, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳозирча фақат собиқ СССРни тиклашга ўхшаб кўриняпти, холос.

Ўзбекистоннинг муносабати

Сўнгги йилларда Россия томонидан олиб борилаётган сиёсатга Ўзбекистон шубҳа билан қараб келади. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов МДҲ маконида ташкил этилаётган турли тузилмалар бир-бирини такрорламаслиги кераклигини таъкидлаб келади.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлмаслигини қайд этиб, мазкур тузилма фаолиятига баҳо берган. Гарчи расмий нашрларда бу ҳақда бирон бир маълумот учрамаса-да, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи тенг ҳуқуқлиликка асосланишига шубҳа билан қарайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Россия шафелигида ташкил этилаётган турли иқтисодий тузилмалар мавзусида иккитомонлама ҳамкорликни маъқул кўриб келади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳозирча иқтисодий мақсаддан кўра сиёсий вазифаларни ўз олдига қўйган, Россия учун алоҳида сиёсий альянс яратишни кўзлаган тузилма, дейишга асослар бор. Албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади.

 

Мурод ҒОФУРОВ.