Равшан Эрматов Мексика – Хорватия учрашувини бошқаради

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси ЖЧ-2014 баҳслари 3-туридан ўрин олган Мексика – Хорватия учрашувини бошқаради. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

ФИФА эълон қилган ЖЧ-2014 3-туридан ўрин олган бир қатор учрашувларни бошқариб борадиган ҳакамлар рўйхатига кўра, Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси «А» гуруҳи 3-тури доирасидаги Мексика – Хорватия учрашувини бошқариб боришади. Эрматовга қанотларда Абдуҳамидилло Расулов (Ўзбекистон) ва Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон) ёрдам берадилар.

Маълумот учун, дастлабки икки тур якунларига кўра, «А» гуруҳида Бразилия ва Мексика терма жамоаларида 4тадан, Хорватияда 3 очко бор; аутсайдер Камерунда очколар йўқ.

Эрматов ЖЧ-2014да бунгача гуруҳ босқичи 1-тури доирасидаги Швейцария – Эквадор (2:1) ўйинида ҳакамлик қилган эди. Worldreferee.com сайтида келтирилишича, Бразилияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионати биринчи тури натижаларига кўра ҳамюртимиз Равшан Эрматов ҳакамлар орасида пешқадамлик қилмоқда.