АҚШ Ўзбекистонда хавфсизликни таъминлашга қаратилган ёрдам миқдорини қисқартирмайди

АҚШ хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатиладиган молиявий кўмак миқдорини камайтирмайди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси вакили “Новый век” газетасига маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Жошуа Кукернинг (www.eurasianet.org) мақоласида Американинг Ўзбекистонга хавфсизликни таъминлаш соҳасида кўмак миқдори камайтирилгани маълум қилинган эди, бу хабар кейинчалик қатор онлайн нашрларда эълон қилинган эди. Элчихона вакилига кўра, мақолада тўлиқ ахборот акс эттирилмаган. Мақолада асосан гиёҳвандликка курашиш бўйича ҳамкорликни молиялаштириш манбалари таҳлил қилинган. “Гиёҳвандликка қарши курашиш — АҚШнинг Ўзбекистонда хавфсизликни таъминлашга қаратилган кўмагининг бир соҳасидир”, — деди у.

Элчихона вакили фикрига кўра, Ўзбекистонга ёрдам бериш бўйича барча йўналишларга эътибор қаратиладиган бўлса, АҚШ томонидан кўрсатилаётган ёрдам миқдори камаймаганига гувоҳ бўлинади. “Рақамлар шуни кўрсатадики, АҚШнинг Ўзбекистонга хавфсизлик соҳасидаги кўмаги бўйича мажбуриятлари ўзгармасдан қолмоқда”, — деб хулоса қилади дипломатия миссияси вакили. Хабарда АҚШнинг Ўзбекистонга кўрсатилаётган ёрдами миқдори ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда онлайн нашрларда тарқаган хабарларда қайд этилишича, АҚШ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш дастурига жалб этилган хавфсизлик кучларини ўқитиш ва таъминлаш учун молиявий ёрдам кўрсатиб келган. 2012 йил билан таққослаганда Пентагоннинг Марказий Осиё мамлакатларига кўрсатаётган ёрдами сезиларли даражада қисқарган. Хусусан, 2012 йилда АҚШ Тожикистонга 15,4 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатган бўлса, жорий молиявий йилнинг биринчи ярмида ушбу ёрдам ҳажми бор-йўғи 1,1 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Ушбу кўрсаткич Қирғизистонда 21,3 миллион доллардан 1,2 миллион долларгача, Қозоғистонда 8,7 миллион доллардан 187 минг долларгача, Ўзбекистонда эса 5,7 миллион доллардан 156 минг долларгача камайган.